Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суперлига: Қўқонда “водий дербиси” ўтказилади
08:42 / 2025-10-25

Бугун футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 26-туридан ўрин олган “Шўртан” — “Нефтчи” ва “Қўқон-1912” — “Навбаҳор” жамоалари баҳси бўлиб ўтади.

Ғузорда ўтадиган “Шўртан” — “Нефтчи” ўртасидаги учрашув соат 16:30 да, Қўқон шаҳри мезбонлик қиладиган “Қўқон-1912” — “Навбаҳор” клублари тўқнашуви соат 19:00 да бошланади.

Шу ўринда, “Қўқон-1912” — “Навбаҳор” клубларининг ўзаро ўйинлари статистикасига назар ташласак.

Миллий чемпионатларимиз тарихида ушбу жамоалар шу кунгача жами 35 марта ўзаро рўбарў келган. Унда “Навбаҳор” 19, қўқонликлар эса 8 та ўйинда зафар қучган бўлса, 8 та учрашувда дуранг натижа қайд этилган. Тўплар нисбатидаги устунлик 66/37 - наманганликлар фойдасига.  

Жамоалар ўртасидаги баҳсларда энг йирик ҳисоб 2 марта қайд этилган. “Навбаҳор” 2003 ва 2016 йилларда Наманганда ўтказилган ўйинларда “Қўқон-1912”ни 5:1 ҳисобида мағлубиятга учратган.

Мазкур жамоаларнинг шу кунгача Қўқонда бўлиб ўтган 17 та баҳсидан 6 тасида мезбонлар ғалаба қозонган бўлса, 5 та ўйинда наманганликлар зафар қучган, 6 та учрашувда эса дуранг натижа қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилги мавсумнинг 1-даврасида  “Навбаҳор” Наманганда “Қўқон-1912” устидан 3:0 ҳисобида зафар қучган эди.

Куни кеча Суперлиганинг 26-туридан ўрин олган  "Қизилқум" – "Динамо" баҳсида 2:0 ҳисоби қайд этилди. Учрашувдаги голларни 2-дақиқада Ислом Кенжабоев ва 31-дақиқада Жамбули Жигаури киритди.  

Шу тариқа, мезбонлар очколарини 32 тага етказиб олди ва 8-поғонага кўтарилди. “Динамо” 47 очко билан 4-ўринда қолди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА