Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суперлига: “Пахтакор” азалий рақибига қарши ўйнайди
09:09 / 2025-08-15

Бугун, 15 август куни футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 19-турини “Пахтакор” ва “Сўғдиёна” жамоалари ўртасидаги ўйин бошлаб беради. Учрашув "Жар" стадионида соат 19:00 да бошланади.

Бугунга қадар миллий чемпионатларимизда “Пахтакор” ва “Сўғдиёна” клублари жами 59 та учрашувда майдонга тушган. Ўтган мазкур баҳсларда пойтахт клуби  44 та беллашувда ғалаба қозонган бўлса, 7 та ўйинда дуранг қайд этган ва 8 та тўқнашувда мағлубиятга учраган. Тўплар нисбати 135/49 - “шерлар” фойдасига.  

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, “Пахтакор” Тошкентдаги 29 баҳснинг 26 тасида ғолиб бўлган. Улардан 12 таси йирик ҳисобдаги натижа билан якунланган. “Сўғдиёна” Тошкентда 2 марта зафар қучган ҳамда битта дуранг қайд этган.  

Айни дамда “Пахтакор” 30 очко билан Суперлигада еттинчи ўринни эгаллаб турибди. “Сўғдиёна” эса 20 очко жамғариб, 11-поғонадан жой олган.  

Миллий чемпионатимизнинг 19-турида қуйидаги беллашувларга гувоҳ бўламиз:

16 август: “Навбаҳор” — “Нефтчи”, “Динамо” — “ОКМК”, “Насаф” — “Шўртан”;

17 август: “Қўқон-1912” — “Сурхон”, “Машъал” — “Андижон”, “Бунёдкор” — “Бухоро”;

18 август: “Хоразм” — “Қизилқум”.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА