Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 7-турида қолдирилган “Динамо” – “Нефтчи” жамоалари баҳси ўтказилди.
Самарқандда ўтган мазкур ўйинда “Нефтчи” Иброҳимхалил Йўлдошев ва Аброр Исмоилов томонидан киритилган голлар эвазига 2:0 ҳисобида зафар қучди. Мазкур натижадан сўнг, Фарғона шаҳри жамоаси очколарини 27 тага етказиб олган ҳолда 3-ўринга кўтарилиб олди. “Динамо” эса 28 очко билан иккинчи ўринда қолди. Ўтган 14 тур якунига кўра, “Насаф” 32 очко билан жадвалда етакчилик қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бугун 3 июль куни Суперлиганинг 15-тур учрашувлари старт олади ва 7 июль кунига қадар давом этади. Ушбу турни "Шўртан" – "Қизилқум" клублари ўртасидаги ўйин бошлаб беради.

Шунингдек, 4 июль куни "Сўғдиёна" – "Қўқон-1912", "Сурхон" – "Бухоро", 5 июлда "Андижон" – "Бунёдкор", "Машъал" – ОКМК, 6 июль санасида "Динамо"– "Насаф", "Пахтакор" – "Навбаҳор" жамоалари рақобатлашса, 7 июль куни "Нефтчи" ва "Хоразм" тўқнашуви ушбу тур ва лиганинг биринчи даврасини якунлаб беради. Барча ўйинлар соат 20:00 да бошланади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА