Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 29-турини “Шўртан” – “Бухоро” жамоалари ўртасидаги ўйин бошлаб берди.
Мазкур ўйиннинг 58-дақиқасида Фране Икич бурчак зарбасидан сўнг ҳисобни очган бўлса, 65-дақиқада Пўлатхўжа Холдорхонов гол уриб, орадаги фарқни йўққа чиқарди. Шу тариқа ушбу жамоалар баҳси 1:1 ҳисобида якунланди.
Суперлиганинг 20 ноябрь кунидан ўрин олган “Сурхон” ва ОКМК клублари баҳси соат 16:00 да бошланади. Шунингдек, пойтахтимизда соат 18:15 да турнинг марказий ўйини - “Пахтакор” – “Насаф” учрашуви старт олади.

Шу ўринда мазкур ўйин ҳақида тўхталиб ўтишни лозим топдик. Сабаби, ушбу жамоалар ўртасидаги ўйин натижаси иккинчи ўрин масаласини ҳал қилади. Гап шундаки, ҳозирда “Насаф” 58 очко билан иккинчи ўринда бораётган бўлса, “Пахтакор” 56 очко билан тўртинчи ўринда турибди. “Пахтакор” ва “Насаф”га бўлажак ўйинда ғалаба сув ва ҳаводек зарур.

Агарда пойтахт клуби мазкур ўйинда зафар қучса, очколарини 59 тага етказиб, иккинчи поғонага кўтарилиб олади. Қарши шаҳри жамоаси эса чемпионлик ҳамда кучли учликдан четда қолади ва айни дамда 61 очко билан миллий чемпионатимиз пешқадами бўлиб турган “Нефтчи”нинг муддатидан олдин чемпион бўлишини таъминлайди.

Беллашувлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, чемпионатларда жамоалар жами 57 марта ўзаро баҳс олиб борган. Уларнинг 30 тасида “Пахтакор” зафар қучган бўлса, 15 беллашувда дуранг натижа қайд этилган. Қаршиликлар эса 12 ўйинда ғалаба қозонган. Пойтахтнинг бош жамоаси рақиб дарвозасини 81 бор ишғол қилган бўлса, 51 гол ўтказиб юборган.
Маълумот ўрнида: Суперлиганинг 29-турида 21 ноябрь куни “Машъал” – “Навбаҳор”, “Динамо” – “Қўқон-1912”, “Андижон” - “Хоразм”, 22 ноябрь санасида “Сўғдиёна” – “Бунёдкор”, “Нефтчи” – “Қизилқум” учрашувлари ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА