English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суперлига: Наманган ва Қарши шаҳарларида бугун иккинчи ўрин учун "жанг" бўлади
12:35 / 2025-11-29

Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг сўнгги — 30-тур учрашувлари бугун, 29 ноябрь куни бошланади.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, бугун учта – “Қизилқум” – “Шўртан”, “Насаф” –“Динамо” ва “Навбаҳор” – “Пахтакор” клублари ўртасида баҳслар ташкил этилса, эртага “Қўқон-1912” – “Сўғдиёна”, “Хоразм” – “Нефтчи”, “Бунёдкор” – “Андижон”, “Бухоро” – “Сурхон” ва OKMK – “Машъал” учрашувига гувоҳ бўламиз. Барча учрашувлар мамлакатимиз вақти билан соат 15:00 старт олади.

Ушбу турдан ўрин олган “Насаф” –“Динамо” ва “Навбаҳор” – “Пахтакор” клублари ўртасидаги ўйин турнинг марказий баҳси дея эътироф этилмоқда. Бунга сабаб, жамоалар бугунги тўқнашувларда қайд этиладиган натижага кўра, миллий чемпионатимиз совринли ўринларини эгаллайди.

Шу ўринда, мазкур жуфтликларнинг бугунга қадар ўтказган ўзаро учрашувлари статистикасини эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик.

Дастлаб, Қарши шаҳридаги “Марказий” стадионида ташкил этиладиган “Насаф” – “Динамо” баҳси ҳақида. Жамоалар миллий чемпионатларимизда жами 45 та ўйинда ўзаро тўқнашган. “Насаф” ушбу учрашувларда 25 та ғалаба ва 14 та дуранг қайт этган бўлса, “Динамо” 8 марта ғолиб бўлган. Тўплар нисбати - 67/42 "Насаф" фойдасига. Бу йилги мавсумда жамоалар илк даврада 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган. Айни дамда Суперлига жадвалида “Насаф” 58 очко билан учинчи, “Динамо” эса 57 очко тўплаб, тўртинчи ўринни банд этган.

“Навбаҳор” – “Пахтакор” қарама-қаршилигига ўтамиз. Азалий икки рақиблар ўртасида Олий лига ва Суперлига мусобақаларида жами 69 та ўйин ўтказилган бўлиб, уларда пойтахт клуби 42 маротаба зафар қучган бўлса, 14 ўйин наманганликлар фойдасига ҳал бўлган. Қолган 13 та баҳсда кучлар тенг келган. 

“Пахтакор” клуби мазкур ўйинларда рақиб дарвозасини 113 бор ишғол қилган ва 56 гол ўтказиб юборган. Жорий йил ўтказилган биринчи давра ўйинида “Пахтакор” ўз майдонида 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Ҳозирда 59 очкоси бўлган “Пахтакор” турнир жадвалининг иккинчи поғонасини эгаллаб турибди. “Навбаҳор” ҳисобида 39 очко мавжуд бўлиб, жадвалнинг 7-ўрнида қайд этилмоқда.

Маълумот ўрнида: “Нефтчи” ўтган турда очколарини 64 тага етказиб, 25 йил деганда Ўзбекистон Суперлигасида муддатидан олдин чемпион бўлди. 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА