Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 2-тур учрашувлари 4-6 март кунлари бўлиб ўтади ва турнинг илк кунида “Қўқон-1912” – “Пахтакор”, “Қизилқум” – “Андижон” жамоалари ўзаро рақобатлашади.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, 2-турнинг илк ўйини Қўқон шаҳридаги “Марказий” стадионида соат 18:45 да “Қўқон-1912” – “Пахтакор” ўртасидаги ўйин билан бошланади. Бу баҳс қизғин ўтиши кутилмоқда. Бунга сабаб, пойтахт клуби биринчи турдаги ғалабадан сўнг, яхши кайфиятда учрашувни ўтказиб, навбатдаги 3 очко учун бор эътиборини ҳужумга қаратса, мезбонлар сафарда “Бухоро” билан ўйиндаги мағлубият аламини олиш учун бор эътиборини ғалабага қаратади.

Иккинчи учрашув Навоий шаҳридаги “Ёшлар” спорт мажмуасида соат 19:15да “Қизилқум” ва “Андижон” клублари ўртасида бўлиб ўтади. Ушбу тўқнашувда ҳам меҳмон жамоанинг имкониятлари юқори баҳоланмоқда.
Шунингдек, миллий чемпионатимиз доирасида 5 март куни “Навбаҳор” – “Бухоро” (19:00), “Машъал” – “Локомотив” (19:15), “Сурхон” – “Нефтчи” (19:15), 6 март санасида “Бунёдкор” – “Динамо”(19:00), “Сўғдиёна” – “Насаф” (19:15) ва “Хоразм” – ОКМК (19:30) жамоалари ўртасидаги учрашувларга гувоҳ бўламиз.

Айни дамда “Андижон”, “Пахтакор”, “Бухоро”, “Нефтчи”, “Насаф”, “Локомотив”, “Навбаҳор” ва “Бунёдкор” клублари ғалаба қозонган ҳолда ўз ҳисобига 3 очкони ёзиб қўйди ва лига жадвалида голлар нисбатига кўра турли поғоналарга тақсимланди. “Қўқон-1912”, “Сўғдиёна”, “Қизилқум”, “Машъал”, “Сурхон”, “Динамо”, ОКМК, “Хоразм” жамоалари эса мағлуб сифатида очкосиз қолди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА