Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 19-турида "Навбаҳор" — "Нефтчи", "Динамо" — ОКМК, "Насаф" — "Шўртан" жамоалари ўзаро рақобатлашди.
Намангандаги “Марказий” стадионида ўтган "Навбаҳор" — "Нефтчи" жамоалари баҳси 0:1 ҳисобида ўз якунига етди. Ўйиндаги ягона голга 33-дақиқада Икром Алибоев муаллифлик қилди. Шу тариқа, водий дербисида ғалаба қозонган "Нефтчи" муҳим очколари сонини 39 тага етказиб олди. “Навбаҳор” эса 31 очко билан қолди.

Самарқанд шаҳридаги "Динамо" станионида ўтган ўйинда мезбонлар ОКМК клубини 1:0 ҳисобида таслим этди. Ушбу учрашувда Анваржон Ҳожимирзаев гол уриб ўз номини таблога ёздириб қўйди. Мазкур ғалабадан сўнг "Динамо" ҳисобидаги очколар сони 37 тага етди ва учинчи поғонага кўтарилиб олган бўлса, ОКМК клубининг 34 очко билан 4-ўринга тушиб кетди.

Ўзбекистон Суперлигаси амалдаги ғолиби "Насаф" ўз майдонида "Шўртан"ни Шароф Муҳиддинов ҳамда Шарзод Насруллаев томонидан киритилган голлар эвазига 2:0 ҳисобида таслим этди. Натижада, Қарши шаҳрининг бош жамоаси 40 очко билан турнир жадвалида яққол пешқадамга айланиб олди.
Бугун, миллий чемпионатимизнинг 19-тур доирасида "Қўқон-1912" — "Сурхон", "Машъал" — "Андижон", "Бунёдкор" — "Бухоро" жамоалари ўзаро тўқнашади. Эртага 18 август куни эса "Хоразм" — "Қизилқум" ўйинидан кейин тур якунланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА