Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 20-тури доирасида “Бухоро” – “Қўқон-1912” ва “Нефтчи” – “Машъал” жамоалари ўзаро рақобатлашди.
Қарши шаҳридаги “Марказий” стадионида ўтказилган “Бухоро” ва “Қўқон-1912” учрашуви 1:0 ҳисобида якунланди. Ўйиндаги ягона гол 70-дақиқада Тома Табатадзе томонидан киритилди. Фарғонада эса “Нефтчи” 3:0 ҳисобида “Машъал”ни таслим этди. Мазкур баҳсда Жоэль Кожо 2 та, Анваржон Ғофуров эса 1 та голга муаллифлик қилди.

Бугун, 22 август куни 20-турдан ўрин олган “Андижон” – “Пахтакор”, “Қизилқум” – “Бунёдкор” клублари тўқнашувига гувоҳ бўламиз.
Шу ўринда, “Бобур арена”да ташкил этиладиган “Андижон” ва “Пахтакор” жамоаларининг ўзаро ўйинлари тарихига юзлансак.

Ҳозирга қадар жамоалар чемпионатларда 56 бор тўқнаш келган. Улардан 41 тасида “Пахтакор” ғалаба қозонган бўлса, 9 баҳсда дуранг натижа қайд этилган. 6 марта “Андижон” футболчилари муваффақиятга эришган. Рақиб дарвозасини 132 марта ишғол қилган пойтахт клуби, 39 та гол ўтказиб юборган.
Сафардаги беллашувларда “Пахтакор” 16 ғалаба, 6 тадан дуранг ва мағлубият қайд этган. Жами ғалабаларнинг 15 тасида йирик ҳисоб қайд этилган. Бироқ, жорий мавсумнинг биринчи даврасида Тошкентдаги “Жар” стадионида бўлиб ўтган учрашувда “Андижон” 3:2 ҳисобида “Пахтакор”дан устун келган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА