Футбол бўйича Ўзбекистон миллий чемпионатининг 22-тури доирасида "Хоразм" — "Қўқон-1912", "Бухоро" — "Навбаҳор" ва "Нефтчи" — "Динамо" клублари ўртасидаги учрашувлар ташкил этилади.
Дастлаб, "Хоразм" ва "Қўқон-1912" ўзаро рақобатлашади. Мазкур тўқнашувда ҳар иккала клубнинг ғалаба қозониш имкониятлари тенг баҳоланмоқда. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, чемпионатда "Қўқон-1912" 21 очко билан 13, "Хоразм" эса 19 очко тўплаб, 14-ўринда бормоқда.

Иккинчи ўйинда "Бухоро" ўз уйида "Навбаҳор"ни меҳмон қилади. Баҳс 18:00 да бошланади. Бу учрашув "Бухоро" клубининг янгги мураббийи Александр Хомяков учун жиддий синов бўлади. Сабаби, ушбу мутахассиснинг асосий вазифаси жамоани лигада сақлаб қолиш. Бу мақсадга эришиш йўлидаги илк қадам, албатта, "Навбаҳор"ни мағлуб этиш ҳисобланади. Аммо Наманган шаҳрининг бош жамоаси ўтган 3 турда бор йўғи икки очко жамғарган ва бу клубга ҳам ғалаба жуда зарур. Дарвоқе, "Бухоро" айни дамда 17 очко билан 15-ўриндан жой олган бўлса, "Навбаҳор" 33 очко билан 7-ўринда.

Бугунги куннинг марказий учрашуви Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” стадионида "Нефтчи" ва "Динамо" клублари иштирокида бўлиб ўтади. Соат 19:15 да бошланадиган ўйинни Аҳрол Рисқуллаев бош ҳакам сифатида бошқаради. Унга қанотларда Алишер Усмонов ва Тимур Гайнуллин ёрдам беради.
Сўнгги баҳсда кутилмаган мағлубиятдан сўнг 42 очко билан қолиб кетган "Нефтчи" бу гал фақат ғалаба учун ўйинга тушиши шубҳасиз. "Динамо" эса ўтган турда ўйнамагани боис 38 очко билан 6-ўринга тушиб кетди. Самарқанд клуби ҳисобида битта захира ўйин бўлса-да, қолган тўқнашувларда очко йўқотиши уни чемпионлик курашидан чиқариб юборади. Шу сабабли ҳам мазкур ўйин шиддатли ўтади.

Шу ўринда "Нефтчи" ва "Динамо"нинг миллий чемпионатимиз доирасида ўтказган ўзаро ўйинлар статистикасига назар ташлаймиз. Жамоалар шу кунга қадар 51 маротаба тўқнаш келган. Унда "Нефтчи" 35 та ўйинда ғолиб бўлган. 12 та ўйин эса "Динамо" фойдасига ҳал этилган ва 4 та ўйин дуранг билан якунланган. Умумий тўплар нисбати 97/44 - фарғоналиклар фойдасига.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА