Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суперлига: Бугун Тошкентда “йил ўйини” ўтказилади
10:03 / 2023-11-03

Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси 24-тури кутилмаган натижаларга бой ўтмоқда. “ОКМК” ва “Турон” баҳсида 2:1 ҳисоби қайд этилди.

Учрашувнинг 6-дақиқасида Рустамхон Азимов ҳисобни очган бўлса, 38-дақиқада Хуршид Ғиёсов 11 метрлик жарима тўпини аниқ бажарди ва ҳисобни тенглаштирди. Биринчи бўлимнинг 45+2 дақиқасида Мурат Эрматов ҳисобни 2:1 кўринишига олиб келди. Мазкур ғалабадан сўнг “ОКМК” ҳисобидаги очколари сонини 42 тага етказиб олди.  

Навоий шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида ўтказилган “Қизилқум” – “Андижон” баҳси йирик 3:0 ҳисобида якунланди. Ушбу ўйинда Акаки Шулая биринчи бўлиб гол урган бўлса, Муҳаммадали Ғиёсов рақиб дарвозасини икки маротаба ишғол этди.  

Бугун 24-турнинг марказий учрашуви бўлиб ўтади. Унда “Пахтакор” ва “Насаф” ўзаро тўқнашади. Шунингдек, Фарғонада “Нефтчи” Тошкентнинг “Олимпик” жамоасини  қабул қилади. Ҳар икки учрашув ҳам соат 18:15 да бошланади.    

Мазкур учрашувларда, албатта бор эътибор Тошкентда ўтадиган “Пахтакор” ҳамда “Насаф” ўртасидаги ўйинга қаратилиши шубҳасиз. Мазкур “йил ўйини”да Суперлига ғолибини аниқлаш мумкин бўлади.  

Аввало турнир жадвалига эътибор қаратсак. Ҳозирда “Пахтакор” 49 очко билан биринчи, “Насаф” эса 45 очко билан иккинчи поғонада бормоқда. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, мазкур баҳсда пойтахт жамоаси ғалаба қозонса, очколардаги тафовут 7 тага етади ва чемпион бўлиши деярли ҳал бўлади. Бироқ ўйин Қарши клуби томонига ҳал бўлса, очколар фарқи битта бўлиб қолади ва “Насаф” чемпионлик учун курашни давом эттиради. Ҳатто дуранг ҳам “Пахтакор” фойдасига ишлайди.  

Бугунги учрашувдан сўнг ҳар икки жамоа олдида икки ўйин қолади. “Пахтакор” 25-турда “Сурхон” билан сафарда, 26-турда эса ўз майдонида “Бунёдкор” билан ўйин ўтказади. “Насаф” эса дастлаб “Сўғдиёна”ни қабул қилса, сўнгги турда “ОКМК” меҳмони бўлади. Бироқ, “Насаф” ушбу ўйинлар оралиғида Осиё чемпионлар лигасида “Шаржа”ни ўз уйида қабул қилади ва орадан 6 кун ўтиб Ўзбекистон кубоги финалида майдонга чиқади. “Шерлар” эса сафарда ОЧЛ доирасида “Аҳал” билан рақобатлашади. Бу дегани олдиндаги ўйинлар қаршиликлар учун оғирроқ ўтади. 

“Пахтакор” ва “Насаф” шу кунга қадар жами 53 марта ўзаро рақобатлашган. Уларнинг 30 тасида “Пахтакор” зафар қучган бўлса, “Насаф” 11 ўйинда ғалаба қозонган. 12 беллашув дуранг билан якунланган. Ўзаро ўйинларда пойтахт жамоаси 78 та гол уриб, ўз дарвозасидан 47 марта тўп олиб чиққан. Бугунги ўйинда гарчи “Пахтакор” жадвалда пешқадам бўлса-да, аммо “Насаф”нинг имкониятлари юқори. Сабаби “Пахтакор” сўнгги тўрт ўйинда “Насаф”ни мағлуб эта олмаяпти. Бу йилги мавсумда жамоалар икки маротаба майдонга тушди. Унда “Насаф” Ўзбекистон Суперкубогида 2:1 ҳисобида зафар қучган бўлса, чемпионат доирасида Қаршида кечган ўйинда 0:0 ҳисобида дуран ўйнади.  

Қисқа қилиб айтганда, "йил ўйини" дея эътироф этилаётган “Пахтакор” ва “Насаф” клублари баҳсида ҳар икки жамоа ғалаба ва чемпионлик унвонига муносибдир. Бугунги ўйин шиддатли ўтиши шубҳасиз.  

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА