Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг жорий мавсуми ўз ниҳоясига етди. Анъанага мувофиқ, йил давомида барқарор ва самарали ўйини билан ажралиб турган футболчи ҳамда мураббийлар орасида энг яхшилари маълум қилинди.

Мавсумнинг энг яхши ёш футболчиси сифатида 20 ёшли Фирдавс Абдураҳмонов (“Динамо”) эътироф этилди. У Самарқанд жамоаси сафида Суперлигада 23 та учрашувда майдонга тушиб, 6 та гол ва 3 та голли узатма муаллифига айланди. Унинг барқарор ўйини ва тактик етуклиги мутахассислар томонидан мавсум кашфиёти сифатида қайд этилди.

Йилнинг энг яхши хорижлик футболчиси мукофоти “Сўғдиёна” жамоаси ярим ҳимоячиси Люпчо Дориевга насиб этди. Маҳоратли легионер мавсум давомида 30 та учрашувда иштирок этиб, 16 та гол ва 9 та ассист билан жамоасининг етакчиларидан бирига айланди. Унинг ҳужумдаги тезкор ўйини юқори баҳоланди.

“Навбаҳор” жамоаси ҳужумчиси Аббос Ғуломов эса “Йил кашфиёти” сифатида эътироф этилди. У мавсум давомида Суперлиганинг барча 30 учрашувида майдонга тушиб, 10 та гол ва 3 та голли узатма билан жамоасига фойда келтирди.

Фарғонанинг “Нефтчи” жамоасини 24 йиллик танаффусдан сўнг чемпионликка етаклаган Виталий Левченко Суперлигада “Йил мураббийи” номига лойиқ деб топилди.

Лига экспертлари томонидан ўтказилган анъанавий таҳлил ва сўровнома натижасида мавсумнинг рамзий терма жамоаси ҳам эълон қилинди. Ундан “Пахтакор”нинг 4, “Нефтчи”нинг 3, “Динамо”нинг 2 ҳамда “Насаф”, ОКМК ва “Сўғдиёна” жамоаларининг биттадан футболчиси ўрин олди.
Рамзий терма жамоа (2025 йил):
Дарвозабон: Владимир Назаров (“Пахтакор”);
Ҳимоячилар: Жаҳонгир Ўрозов (“Динамо”), Анваржон Ғофуров (“Нефтчи”) ва Ҳожиакбар Алижонов (“Пахтакор”);
Ярим ҳимоячилар: Ратиньо (“Динамо”), Икромжон Алибоев (“Нефтчи”), Хуршид Ғиёсов (ОКМК), Жамшид Искандеров (“Нефтчи”) ва Ойбек Бозоров (“Насаф”);
Ҳужумчилар: Игор Сергеев (“Пахтакор”) ва Люпчо Дориев (“Сўғдиёна”).
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА