Интизорлик билан кутилган Суперлига янги мавсуми старт олди ва илк кунда йирик ҳисоб қайд этилди.
Турни очиб берган учрашувда "Бухоро" ўз майдонида "Қўқон-1912"ни 1:0 ҳисобида таслим этди. Бурчак зарбасидан йўлланган узатмадан сўнг Шерзод Эсанов иккинчи қаватда ғолиб чиқди ва янги мавсум Суперлигада дебют гол муаллифи бўлди.
Самвел Бабаян бошқарувидаги "Андижон" эса мавсумни йирик ҳисобидаги ғалаба билан бошлади. "Бургутлар" рақиблари дарвозасига жавобсиз тўртта гол урди. Черан 38 ёшида ҳамон юқори спорт формада. Легионерлар Чаласан ҳамда Боакье ҳам рақиб дарвозасини ишғол қилди. Бундан ташқари, Холдорхонов ҳам чиройли гол муаллифига айланди. Таъкидлаш керак, голларни урган футболчиларнинг барчаси "Андижон" сафига янги келганлар саналади. Селекция ишларида фаол бўлган "Андижон"нинг янги футболчилари илк турда ўзини оқлади, десак адашмаган бўламиз.
Шунингдек, "Пахтакор" ўз майдонида "Қизилқум"ни 2:0 ҳисобида таслим этди. "Шерлар" ҳисобни очишга анча қийналди, бироқ Достонбек Ҳамдамов захирадан майдонга тушиши ҳамоноқ ўйинда ҳисобни очди. Беллашув якуни арафасида Пётр Паржишек орадаги фарқни иккитага етказиб қўйди.
28 февраль кунги ўйинларда водийнинг икки клуби ғалаба қозонди
Ўз майдонида "Машъал"ни қабул қилган "Нефтчи" 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Аҳамиятлиси, "Нефтчи" илк икки голини бурчак зарбасидан сўнг киритди. Дастлаб, Цигер ўйинда ҳисобни очган бўлса, сал ўтиб жамоанинг янги легионери Перица орадаги фарқни иккитага етказиб қўйди. Иккинчи бўлимда эса захирадан ўйинга қўшилган Марушич орадаги фарқни учтага етказиб қўйди.
Шунингдек, водийнинг бошқа бир клуби "Навбаҳор" "Динамо"ни оғир кечган беллашувда 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Гарчи, самарқандликлар футболчиси Фирдавс Абдураҳмонов ҳисобни очган бўлишига қарамай, Темур Кападзе шогирдлари иккита гол билан тезкор жавоб қайтарди. Русланбек Жиянов пенальтидан гол уриб, мувозанатни тиклаган бўлса, Забиҳилло Ўринбоев ҳисобни 2:1 кўринишига келтирди. Мана шу ҳисоб учрашув якунига қадар сақланиб қолди.
Суперлигага қайтган "Локомотив" ҳам турнирни ишончли ғалаба билан бошлади. "Сурхон" билан кечган баҳсда "темирйўлчилар" 3:1 ҳисобида зафар қучди. Дастлаб, "темирйўлчилар" Муҳаммадали Реимов ҳамда Қувончбек Абраевнинг голлари эвазига 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Бироқ Чинеду Стефан 69-дақиқада орадаги фарқни қисқартирди. Беллашувнинг 80-дақиқасида эса Лазизбек Мирзаев учинчи голни уриб, пойтахт клубининг ишончли ғалабасини таъминлади.
Кеча ўз ўйинини ўтказган "Насаф" ҳам мавсумни ғалаба билан бошлади. 90-дақиқада "аждарлар" легионери Аденис Шала томонидан киритилган гол "аждарлар"га ғалаба келтирди. Бундан ташқари, "Бунёдкор" клуби илк турда ОКМК билан баҳс олиб бориб, 1:0 ҳисобида зафар қучди. Наримон Аҳмаджоновнинг пушкаси ўйинда ягоналигини сақлаб қолди.
Илк турда энг кўп мухлис ташриф буюрган стадион бу "Бобур Арена" бўлди. "Андижон" - "Сўғдиёна" беллашувини стадиондан томоша қилиш учун 14 минг 180 нафар мухлис ташриф буюрди. "Динамо" - "Навбаҳор" беллашувини бевосита аренадан кўриш учун эса "Динамо" стадионига 9 минг 720 нафар мухлис келган. Кучли учликни 72 55 нафар мухлис келган "Истиқлол" стадиони банд этиб турибди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/RI0xs2yfStM" title="Superliga 1-tur o‘yinlari sharhi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Карим Худойқулов, ЎзА