Бугун, 16 май куни Руминия пойтахти Бухарест шаҳрида классик шахмат бўйича ўтаётган “Superbet Chess Classic Romania-2025” турнирининг сўнгги 9-тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Кеча ўтган 8-тур баҳсларида Нодирбек Абдусатторов Франция шарафини ҳимоя қилаётган Алиреза Фирузжа билан куч синашди. Қора доналарда ҳаракатланган ҳамюртимиз 58-юриш ҳолатида учрашувни ғалабага тенг дурангга олиб келди.

Ўтган 8 та турда 1 та ғалаба, 5 та дуранг, 1 та мағлубият эвазига 4 очко жамғарган Абдусатторов 9-тур остонасида 5-ўринга кўтарилишга муваффақ бўлди.
Бугун ўтказиладиган сўнгги турда Нодирбек оқ доналарда АҚШ шарафини ҳимоя қилаётган Уэсли Со билан куч синашади.


Эслатиб ўтамиз, мукофот жамғармаси 350 минг АҚШ долларидан иборат халқаро турнирда ғолибликка эришган шахматчи 100 минг, 2-ўринни банд этган иштирокчи 65 минг, 3-ўрин соҳиби 48 минг, 4-ўрин 32 минг, 5-ўрин 26 минг, 6-ўрин 21 минг, 7-ўрин 18 минг 500, 8-ўрин 16 минг, 9-ўрин 13 минг ва 10-ўринни эгаллаган шахматчи 10 минг 500 АҚШ доллари билан тақдирланади.
Т.Рўзиев, ЎзА