Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суннат тўйи “Уч авлод учрашуви” га уланди
17:41 / 2023-08-31

Бухоро вилояти Когон туманида истиқомат қилувчи 15 нафар эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари” рўйхатидаги оилалар фарзандларининг суннат тўйлари ҳамда “Уч авлод учрашуви” ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилди.

Тадбирда туман ҳокимлиги, жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда тўй болаларнинг ота-оналари ва яқинлари қатнашди.  

Дастлаб тантанали тадбирда туман ҳокими Муҳиддин Эсанов барчани мустақиллигимизнинг 32 йиллиги билан муборакбод этди. Юртимизда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий рўйхатлардаги фуқароларни доимий даромад манбаи билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритди. Шунингдек тўй болалар келажакда Ватанимиз ривожи учун хизмат қиладиган комил шахс бўлиб камол топишлари, Ватанига садоқатли, зиёли инсонлар бўлишига ишонч билдирди.  

Сўнгра болажонларга ташкилотчилар томонидан бош-оёқ сарпо ва зар чопонлар кийдирилди. Велосипедлар совға тариқасида тақдим этилди. Нуронийлар эл-юртга тинчлик-хотиржамлик, Ватан ободлиги, халқимиз фаровонлигини тилаб дуо қилди.  

Тадбир файзли ва тўкин дастурхон атрофида, бир пиёла чой устида давом этди. Миллий таом ош тортилди. Туман маданият бўлими бадиий ҳаваскорлар жамоаси ўз дастури ва саҳна кўринишлари, куй-қўшиқ ва рақслари билан барчани хушнуд қилди.  

Зариф Комилов, ЎзА