Мамлакатимизда сув билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш, иқлим ўзгариши шароитида барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган тизимли ишлар давом этмоқда.
Айни йўналишдаги саъй-ҳаракатлар нафақат мавжуд сув захираларидан самарали фойдаланишни, балки қўшимча манбаларни жалб қилишни ҳам назарда тутади.
Бу устувор вазифалар Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 16 февралда қабул қилинган “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ҳамда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармонида ҳам белгилаб берилди. Мазкур фармонга мувофиқ, мамлакатимизда сунъий ёмғир ёғдириш технологиясини жорий этиш бўйича пилот лойиҳа ишлаб чиқилади.
Мазкур лойиҳани ишлаб чиқишда жаҳоннинг бу борадаги етакчи мамлакатлари саналган Франция, Хитой ва Саудия Арабистони каби мамлакатлар тажрибаси асос қилиб олинади. Жорий йилнинг 1 мартидан старт оладиган ушбу ташаббусга Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Фанлар академияси ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги масъул этиб тайинланди.
Ҳужжатга кўра, лойиҳа ишга туширилгач, ёғингарчилик миқдори табиий фонга нисбатан 10–20 фоизгача ошиши мумкин.
Фармонда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва мавжуд захираларни тежаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, уч йил давомида 10 минг километр очиқ дренажларни ёпиқ тизимга ўтказиш режалаштирилмоқда.
Биринчи босқичда Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро ва Хоразм вилоятларидаги 3 минг километр дренаж ҳамда коллектор тармоқлари модернизация қилинади.
Очиқ тизимлардаги сув йўқотишлари қишлоқ хўжалигида самарадорликка салбий таъсир кўрсатиб келмоқда. Ёпиқ тизимга ўтиш эса сувни тежаш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва инфратузилма барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, тажриба тариқасида ирригация каналларининг бир қисмини босимли қувурларга ўтказиш режалаштирилган.
2026 йил якунига қадар Қашқадарё вилоятидаги камида 54,1 километр тармоқ шиша толали (стеклопластик) қувурлар асосида тўлиқ ёпиқ тизимга ўтказилади. Бу эса сув етказиб бериш жараёнидаги техник йўқотишларни камайтириш имконини беради.
Дастур доирасида 504 минг гектар ер майдонида сув тежовчи технологияларни жорий этиш белгиланган. Натижада 5 миллиард куб метр сувни иқтисод қилиш кутилмоқда.
Бундан ташқари, 1300 километр каналлар, суғориш тармоқлари ва бошқа ирригация объектлари ўзанларини бетонлаш орқали йилига қўшимча 500 миллион куб метр сув тежаш режалаштирилган.
Ҳудудларда замонавий суғориш усуллари кенг жорий этилади. Жумладан, 75,4 минг гектарда томчилатиб, 97 минг гектарда ёмғирлатиб, 26,2 минг гектарда эса дискрет (пулсар) суғориш тизими ишлатилмоқда.
Шунингдек, сувнинг майдон бўйлаб бир текис тақсимланишини таъминлаш мақсадида 203 минг гектар ерда лазерли текислаш ишлари амалга оширилади.
Сунъий ёмғир ёғдириш технологияси сув танқислиги шароитида қўшимча ресурс яратиш бўйича муҳим қадам. Шунингдек, белгиланган инфратузилмавий ва технологик чора-тадбирлар сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириб, йўқотишларни камайтириш ва қишлоқ хўжалиги барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА, ЎзА