Бугунги ахборот ва рақамлаштириш асрида сунъий интеллект технологияларини турли соҳа ва йўналишларда кенг қўллашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда ҳам бу борада муайян саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Шу йил 21 октябрь куни Президентимиз раислигида давлат бошқаруви, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мазкур йўналишдаги қатор вазифалар белгилаб берилди.
Аввало, сунъий интеллект нима? Сунъий интеллект – бу компьютер тизимлари ва дастурий таъминот ёрдамида инсоннинг ақлий фаолиятга хос жараёнларини, жумладан, идрок этиш, фикрлаш, ўрганиш, қарор қабул қилиш ва муаммоларни ҳал қилиш қобилиятларини имитация қилишга қаратилган фанлараро йўналишдир.
Бугун мазкур технологиянинг имкониятларидан, қулайликларидан соҳалар кесимида кенг фойдаланишга устуворлик берилаётгани бежиз эмас. Зеро, сунъий интеллект технологиялари давлат бошқарувида самарадорликни ошириш, ресурслардан тежамкор фойдаланиш ҳамда аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилаш имконини беради. Турли соҳаларда самарали натижаларга эришишга хизмат қилади.
Шуни таъкидлаш керакки, Президентимиз томонидан сунъий интеллектни ривожлантиришдан тортиб, уни турли жабҳаларга жорий этиш, соҳада малакали кадрлар, мутахассислар тайёрлаш масалаларигача жиддий эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили Сунъий интеллектни 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси тасдиқлангани, унинг доирасида бир қатор вазифалар белгиланиб, амалиётга жорий этилаётгани эътиборга молик. Ушбу йўналишдаши саъй-ҳаракатлар натижада бир йил ичида мамлакатимиз сунъий интеллектга тайёргарлик бўйича халқаро индексда 17 поғона юқорилаб, Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади. Бу, албатта, қувонарли ҳолдир.
Шу билан бирга, видеоселектор йиғилишида эндиликда вазирлар ва тармоқ раҳбарларининг рақамлаштиришга масъул ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида соҳада сунъий интеллектни ривожлантиришга ҳам жавобгар бўлиши, шаҳар ва туманларда ҳам ҳокимларнинг рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича маслаҳатчиси лавозими киритилиши белгилангани мазкур йўналишдаги натижалар янада бардавом бўлишига хизмат қилади.
Сунъий интеллект технологиялари барча соҳалар қатори олий таълим соҳасида ҳам таълим сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутади. Унинг имкониятлари профессор-ўқитувчилар, талабалар, бошқарув ходимлари ва илмий тадқиқотчилар учун янги шароит ва қулайликлар яратади.
Ушбу технологиялар талабаларнинг билим олиш жараёнини индивидуаллаштириш, уларнинг кучли ва заиф томонларини таҳлил қилиш ҳамда тезкор фикр-мулоҳаза бериш имкониятини беради. Шу билан бирга, нутқни аниқлаш, автоматик таржима, виртуал ёрдамчи дастурлар ва интеллектуал ўқув платформалари каби қўлланмалар талабалар учун таълим жараёни янада осон, қизиқарли ва самарали бўлишини таъминлайди.
Таълим жараёнида сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган интеллектуал ўқув платформалари талабаларнинг билим даражаси, қизиқишлари ва ўрганиш услубини ҳисобга олиб, улар учун индивидуаллашган таълим имкониятини яратади. Масалан, биргина чет тилларини ўрганиш жараёнида бу технологиялар орқали талабалар нутқни тинглаш, талаффузни машқ қилиш, грамматик хатоларни тузатиш ва автоматик таржимадан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Талаффузни такомиллаштиришда талабанинг нутқи ёзиб олиниб, уни она тилида сўзлашувчиларнинг намунавий ёзувлари билан солиштиради. Бу орқали талаффуздаги хатолар аниқланади ва тўғри вариант таклиф этилади.
Бундан ташқари, сунъий интеллект технологияларини олий таълим ташкилотлари фаолиятига жорий этишнинг ҳам бир қатор жиҳатлари, устунликлари бор. Масалан, сунъий интеллект талабаларнинг билим даражаси ва салоҳиятига қараб мослаштирилган ўқув дастури ва контентини яратиш орқали индивидуал таълимни таъминлашга ёрдам беради. Шунингдек, талабалар фаолиятини таҳлил қилиш, билим ва кўникмаларидаги камчиликларни аниқлаш ва таълим натижаларини яхшилаш учун мослаштирилган тавсиялар бериши мумкин.
Шу билан бирга, сунъий интеллект технологиялари баҳолаш, режалаштириш ва ҳужжатларни юритиш каби маъмурий вазифаларни автоматлаштириши мумкин. Бу эса, ўз ўрнида, олий таълим ташкилоти профессор-ўқитувчилари ва ходимларининг иш юкламасини камайтириш ва меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, бугун сунъий интеллект технологиялари замон билан ҳамнафас равишда ҳаётимизнинг, иш фаолиятимизнинг ҳар бир жабҳасига жадаллик билан кириб бормоқда. Унинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, соҳалар ривожидаги иштирокини кенгайтириш долзарб аҳамият касб этади.
Сойиб Тажибаев,
Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлар маркази
Таълим жараёнларининг методик таъминоти бошқармаси бошлиғи.
ЎзА