Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сунъий интеллект ёхуд соҳаларни рақамлаштириш иш ўринларига қандай таъсир этади?
18:04 / 2023-11-28

Мамлакатимизда ёшлар ўртасида ахборот технологиялари соҳасини янада оммалаштириш, бу борада етук кадрларни тайёрлаш муҳим босқичга кўтарилмоқда. Дарҳақиқат, ахборот технологиялари билимлари бугун дунё тараққиётининг асоси бўлиб улгурди. Жамиятда соҳаларни рақамлаштириш эса замон талабидир.

Бугун инсониятга кўмаклашувчи деб таърифланаётган сунъий интеллект нима, унинг соҳа ва соҳа мутахассислари фаолиятига таъсири қандай, IT мутахассиси қандай бўлиши керак? Шу каби саволлар билан IT компанияси асосчиси, дастурчи-мутахассис Анвар Нарзуллаев билан суҳбатлашдик.

– Бугунги кунда сунъий интеллект айнан қайси соҳалар ўрнини эгаллаб бормоқда?

– Сунъий интеллект ҳали айнан битта соҳани тўлиқ эгаллаб олишга улгургани йўқ. Лекин шундай бўлишига қарамасдан, кўпроқ қўл меҳнати талаб қилинадиган соҳаларни биринчи бўлиб эгаллаяпти. Масалан, омборхоналарни, дейлик, Amazon халқаро савдо компанияси омборида олдин одамлар ишлаган бўлса, ҳозир роботлар юкларни ташийди. 

Бундан ташқари, сунъий интеллект ёрдамида бошқариладиган автомобиллар, дронлар ва бир қанча қурилмалар мавжуд. Бугунги кунда сунъий интеллект ақлий меҳнат қиладиган соҳаларни ҳам аста-секин эгаллаб келмоқда. Хусусан, иқтисод, логистика, таржимонлик ва бизнес йўналишларида ҳам кенг фойдаланилмоқда. Масалан ўқитувчи дарс жараёнига тайёргарлик кўришда сунъий интеллектдан фойдаланиб бир қанча ишларни бажаради: режа тузади, қўлланма ёзади ёки маълум бир мавзу учун тест тайёрлаши мумкин. 

Демак, сунъий интеллект тўлиқ эмас, аммо айрим соҳаларга босқичма-босқич кириб бормоқда. Яъни 5-10 йилда қайсидир соҳаларни сунъий интеллект тўлиқ эгаллаши мумкин.

– Жамиятда соҳаларни рақамлаштириш иш ўринларининг қисқаришига таъсир этиши мумкинми?

– Албатта, таъсир қилади. Тарихдан маълумки, ҳар қандай технология пайдо бўлганда, қайсидир касб ўз вазифасини ўзгартиради, бунинг ижобий томони ҳам бор. Рақамлаштириш соҳани янада оптималлаштиради. Бунда касб эгаси кўпроқ вазифаларни бажариб, иш самарадорлиги ошади. Рақамлаштириш орқали қуйи бўғиндаги айрим иш ўринлари мутлақо йўқ бўлиб кетиши ҳам мумкин. Мисол учун, ҳозирда сунъий интеллект маркетинг, таржима, ҳаттоки дастурлашда айрим вазифаларни инсон омилисиз бажармоқда. 

– Бугунги кунда турли сайтларни бузиш, пластик карталардан пул ечиб олиш каби киберҳужумлар кузатилмоқда. Юртимизда бундай ҳолатларнинг келиб чиқишига сабаб нима деб ўйлайсиз?

– Одатда киберҳужумларга энг кўп учрайдиганлар онлайн тизимдан фойдаланувчилар бўлади. Табиийки, бу уларнинг энг заиф нуқтаси. Чунки тизимга эмас, ундан фойдаланувчига, яъни одамга ҳужум қилинади. Шу орқали инсонларнинг шахсий маълумотларини билиб олиш, пластик карталаридан пул ечиш каби ҳолатлар келиб чиқади. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун одамларнинг рақамли саводхонлигини ошириш керак. Турли дастур ва иловаларни ўрнатмаслик, танимаган инсондан хабарлар ёки ҳаволалар келса, очмаслик керак. 

Киберҳужум уюштирган шахс қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади. Аммо банк, IT компания ёки тўлов тизими ҳам фойдаланувчиларнинг маълумотлари ва ҳисоб рақамлари хавфсизлиги учун жавобгар ҳисобланади. Демак, улар ҳам инсонлар киберҳужумга учраганда? бирдек жавобгар бўлиши керак.

– Яқинда Ўзбекистонда ҳам «Chat GPT»дан рўйхатдан ўтиш учун рухсат берилди. Бунинг манфаатли томонлари нимада?

– Бу яхши янгилик бўлди. Мен бир неча йиллардан буён “Chat GPT”дан фойдаланиб келаман. Мазкур дастур ишни анча осонлаштиради. Бундан ташқари, “Chat GPT”да тил ёки янги касб ўрганишда бемалол маслаҳат бериши мумкин. Лекин биз бундан тўғри фойдаланишни ўрганишимиз керак. Сунъий интеллектга ҳар доим ҳам тўғри жавоб берадиган ақлли технология сифатида қараш нотўғри. Ҳар бир фойдаланувчи ундан олган маълумотларни, албатта, текшириб, таҳлил қилиб кўриши талаб этилади. 

Chat GPT”дан фойдаланувчилар имкон қадар ўз соҳалари доирасида фойдаланишса, иш самарадорлиги оширади. Мисол учун, шифокор сунъий интеллектдан фойдаланиб кимгадир ташхис қўйиши мумкин. Чунки у маълумотларни таҳлил қилаолади. Шу сабабли ҳам бирор-бир соҳа ўрнини сунъий интеллект билан тўлдириш тавсия этилмайди.

Умуман олганда, болаларга мактаб ёшидан сунъий интеллектдан фойдаланишни ўргатишимиз керак. Чунки келажакда сунъий интеллектдан фойдаланишни биладиган кадрларга эҳтиёж катта бўлади.

– Сиз ҳам ўзингиз яратган сунъий интеллект устида ишлаётган экансиз. Лойиҳангиз бошқа сунъий интеллектлардан нимаси билан фарқ қилади?

– Сунъий интеллект маълум бир ҳудуд, касб ёки лойиҳа учун алоҳида яратиладиган дастур. Биз сунъий интеллектни Ўзбекистонга, воқеликка мослашимиз керак. Айнан биз яратаётган сунъий интеллект ўзбек тилини тушунадиган ва шу тилда гапирадиган бўлиб мамлакатимиз воқелигига асосланади. Сўнгги икки уч йил давомида жуда кўп ўзбек тилидаги маълумотларни йиғдик ва тилимизни тушуна оладиган сунъий интеллект яратдик. Мақсадимиз – ўзбек тилига асосланган сунъий интеллект яратиш. Ҳозирда миллий таржимонимиз устида ишлаяпмиз. Бу сунъий интеллект ўзбек тилидаги матнларни турли тилларга таржима қилади. 

– IT мутахассиси, деганда кўпинча ўғил болалар кўз олдимизга келади. Нега бу соҳани қизлар кам танлайди, деб ўйлайсиз? 

– Бу узоқ йиллар давомида шаклланган қарашларимиз сабаби бўлса керак. Негадир жамиятимизда IT ёки техника фанлари қиз бола учун эмас, балки қизлар кўпроқ ижтимоий-гуманитар фанларни ўқиши керак, деган тушунча бор. Шунинг учун ҳам хотин-қизларни IT соҳасига жалб қилиш қийин бўляпти. Аслида бу соҳа аёллар учун кўпроқ мос келади. Чунки бу йўналишда жисмоний меҳнатдан кўра ақлий меҳнат талаб қилинади. Бу борада аёлларга ҳам, эркакларга ҳам бир хил қобилият берилган. Бундан ташқари, аёллар уйдан чиқмасдан онлайн ишлаш имкони бор. Бугунги кунда хориждаги кўплаб нуфузли IT компанияларни аёллар бошқаради, кучли аёл дастурчилар ишлайди. 

– Юртимизда олий таълим муассасасини IT йўналишида битириб ҳам кўп ҳолларда қўшимча IT марказларида ўқишади. Бунга сабаб нима?

– Бугунги кунда нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёдаги IT мутахассислари қўшимча IT марказларида ўқишади. Бунга бир нечта сабаблар бор. Аввало, олий таълимда бошланғич билимларга урғу беради, лекин амалиётда бирмунча замонавий дастурларни билиш керак бўлади. 

Университетларда IT таълим ўқув режаси эскирган бўлиши мумкин. Чунки бу жуда тез ривожланадиган соҳалардан бири. Айнан шу сабабли IT мутахассислигини танлаганлардан доимий равишда ўз устида ишлаши талаб этилади.

– Марказий Осиёда Ўзбекистонни IT HUB марказига айлантириш бўйича қилинаётган ишларни қандай баҳолайсиз?

– Ўзбекистонни IT HUB маркази айлантиришда ишчи етказиб беришга кўпроқ урғу бериляпти. Яъни IT мутахассислари чет элдан турли лойиҳаларни олиб Ўзбекистонда дастурчиларни тайёрлайди. Бу дастурчилар лойиҳаларни бажариш орқали  IT экспортини оширмоқда.

 Биз кўпроқ “Start up» IT компанияларига ҳам кўпроқ эътибор қаратишимиз керак деб ўйлайман. Чунки Марказий Осиёда IT бўйича катта компания мавжуд эмас. Мамлакатда кучли IT компаниянинг бўлиши IT HUB сифатидаги салоҳиятни янада ривожлантиради. Одатда кучли IT компаниялари минглаб дастурчиларни ишини бажаради. Бу эса юртимиз иқтисодиёти учун анча фойда олиб келади.

ЎзА мухбири Марҳабо МАДАМИНОВА суҳбатлашди.