Тўғри, ҳозирча нейротармоқни ҳақиқий интеллект, дейишга бироз эртадир, аммо бу тушунча борган сари инсон ҳаётининг турли соҳаларига фаол кириб бормоқда. Сунъий интеллект, аллақачон, компанияларни бошқармоқда, судларда иштирок этиб, жазо тайинламоқда, ҳарбий соҳада ҳам кенг имкониятини намоён қилмоқда. Экспертлар фикрича, яқин келажакда робот-техника инсондан жуда кўп иш ўринларини тортиб олади.
Аслида, одамга ўхшаган робот ёки робот-гуманоидлар ҳам, интеллектга эга бўлмаса, ҳеч қандай топшириқни бажара олмайди. Маълумки, мия инсон турли вазифаларни бажариши учун «марказий процессор» вазифасини бажаради. Роботда бу функцияни ким бажаради, деган савол туғилиши табиий. “Темир одам” топшириқни механик қурилма орқали сунъий интеллект билан мустақил режимда бажаради. Энг муҳим қарорларни қабул қилишда эса машина ўрганиш алгоритмидан фойдаланади. Қуйида юқори технологиялар бўйича ижтимоий тармоқда жуда кўп учрайдиган мисоллардан келтирамиз.
Таъкидлаш жоиз, кўпчиллик муносиб маошга эга юқори тоифали дастурчи бўлишни хоҳлайди. Афсуски, дастурлаш тилини ўрганиш осон юмуш эмас. Инсон бу борада сунъий интеллект (СИ) билан рақобатга киришишига тўғри келади. Зеро, СИ дастурининг ўзи компьютер кодини ёзишни бошлайди. Бу фантазия эмас, ҳаётий ҳақиқат.
Масалан, “ДеепМинд” сунъий интеллект лабораторияси (“Alphabet”га қарашли) томонидан яратилган “AlphaCode” ўртача мутахассис доражасида дастурлай олади. У “Codeforces” конкурсида иштирок этиб, 54 фоиз кучли дастурчилар сафига қўшилганини исботлади.
Код ёзиш инсон учун қийин иш, лекин СИ учун янада қийин. Ахир, у одамга ўхшаб танқидий фикрлай олмайди-да! Ишга ижодий ёндашиш ҳам “темир”га бегона. Шунга қарамай, СИ, ҳозирданоқ, дастурчининг ўрнини қисман босишга, ҳеч бўлмаганда АКТ ходимлари ишини енгиллатишга қодир.
Компания раҳбари
Тан Юй хоним - дастурий таъминот бўйича раҳбарлик вазифасини бажараётган дунёдаги биринчи виртуал робот аёл. Хитойдаги мобиль илова ва онлайн-ўйин яратувчи “NetDragon Websoft” компанияси СИ базасида виртуал робот-гуманоид яратди ва уни ўзининг “Fujian NetDragon Websoft” шуъба корхонасига бош директор қилиб тайинлади.
Тан Юй хонимнинг асосий вазифаси бренд самарадорлигини таъминлаш ва ташкилий ишни бошқаришдан иборат. СИ-робот ўйинлар ва мета коинот яратувчи жамоада амалиёт қандай бажарилаётганини кузатиб туришни зиммасига олган.
Дарвоқе, ҳозир кўпчилик мета коинот оддий фойдаланувчи пулини “туя” қилиш билан шуғулланади, деб ўйлайди. Аслида, бу жуда кенг истиқболга эга ишланма ҳисобланади. Айни мавзуга алоҳида тўхталиш жоиз.
Хуллас, СИнинг компанияга раҳбар этиб тайинланиши, шунчаки, силлиқ кечгани йўқ, албатта. Гап шундаки, “NetDragon Websoft” ташкилот иши самарадорлиги ва тезкорлигини, шунингдек, ходимлар учун иш ўрни унумли ва адолатли тақсимланишини таъминлаш мақсадида шундай ноодатий инновацияга қўл урди.
Компанияда иш жараёнини бутунлай мета коинот йўналишига солиб юбориш режасини амалга ошириш учун Тан Юй хонимдан, шунчаки, СИ бўлиш, қандайдир виртуал муҳитда ишлаш эмас, балки тирик ишчиларни ўз виртуал дунёсига олиб кириш ҳам талаб қилинади.
Ҳакам ҳам роботми?
Шу йил июль ойида Хитой оммавий ахборот воситалари дунёда илк рақамли робот-ҳакам пайдо бўлгани ҳақида хабар тарқатди. Аслида, бу ахборот жудаям тўғри эмас. Ўзидан “ақлли ҳакам” тизимини ясаб олган ушбу СИ, амалда, фақат судьяга ҳукм чиқаришда ёрдам беради, холос.
Ушбу вазиятда СИ судланувчининг қонун бузарлиги бўйича аввал худди шунга ўхшаш ишга қандай жазо белгиланганини ўрганади. Сўнг ҳакамга қайси жиноят моддасига таяниш кераклигини айтади ва шу дақиқадаёқ қарор матнини ва суд учун зарур бошқа ҳужжатларни тўплаб, судьяга кўрсатади.
Гарчи СИ ҳакам ўрнида ҳукм чиқармаса-да, инсон ва сунъий интеллект ўртасида қарама-қарши фикр юзага келган пайтда ҳакам тўғри ҳукм чиқарганини тизимга тушунтириб бериши лозим. Масалан, судья виртуал ёрдамчининг маслаҳатини нима сабабдан инкор қилганига изоҳ бериши ва шунга асосан қарор чиқариши керак бўлади.
“Ақлли ҳакам” ғоясининг мақсади келажакда муайян вазифани инсондан тортиб олиб, рақамли мутахассисга олиб бериш эмас, албатта. Ният - ҳуқуқ-тартибот соҳасида коррупция ҳолатига барҳам бериш. Зеро, Хитойда ҳам бу борада муаммо етарли.
Муҳандис-қурувчи
Юқоридаги икки ҳолатда СИга юкланган масъулият жуда муҳим туюлмаслиги мумкин, лекин айни кашфиётнинг оқибати бошқа кўплаб соҳаларда яққол билинади. Масалан, тўғон қуришда хавф максимал даража бўлиши тайин. Ахир, компания виртуал бош директор томонидан ўқувсиз бошқарилса, эҳтимолий молиявий йўқотишни ким қоплайди?! Бундай мега лойиҳаларни амалга оширишда инсон омилини камайтириш одамлар хавфсизлиги учун фойдали, бироқ мавжуд хавфдан қўрқмайдиганларгина СИни жорий қилишга журъат қила олади.
Масалан, Хитойда Тибет паст текислиги Шанси провинциясидаги Янзи округида ГЭС эҳтиёжи учун барпо этилаётган 180 метрли тўғон қурилишини роботлар бошқаряпти. Муҳим жиҳати шундаки, қурилишда одамлар иштирок этмайди. Сунъий интеллект жуда кўп сонли 3Д принтерларни, шунингдек, ўзи бошқариладиган техника, яъни бульдозер, асфальт ётқизувчи, бетон қопловчи машина, эксковаторларни бошқаради. Бундай улуғвор лойиҳа муаллифлари фикрича, шу тариқа инсон омили билан боғлиқ хавф камайтирилади. Қолаверса, қурилиш материалларини нотекис ётқизиш, хавфсизлик стандартига бепарволик билан қараш ёки риоя қилмаслик, шунингдек, объектни, қатъий равишда, айнан лойиҳага мувофиқ қуриш ҳам жуда муҳим саналади.
Жорий йил бошланган мазкур қурилиш, атиги, 2 йил давом этади. Иш якунлангач, Янзи тўғони СИ ва 3Д принтерлар томонидан яратилган энг йирик иншоот сифатида Гиннес рекордлари китобига кириши кутилмоқда. Бундай маълумотларга ишонавермайдиганлар учун яна бир мисол: Дубайда худди шу тарзда қурилган икки қаватли офис биноси мавжуд.
Хуллас, Хитой мутахассислари учун сунъий интеллект ва робот техникасидан фойдаланилган ушбу жуда мураккаб муҳандислик иншооти яхши ғоя бўлиб кўринмоқда. Замонавий технология нафақат тўғонни ўта қисқа вақтда барпо этиш, балки қурилиш сифатини яхшилаш, шунингдек, инсон ресурсидан фойдаланишни камайтириш имконини беради. Тўғри Хитой аҳолиси кўп, шунга қарамай, Чин юртида ҳамон бўш қўл етишмас экан ва ушбу муаммо борган сари чуқурлашмоқда.
Бу кетишда рассомлар ҳам ишсиз қолиши мумкин
Яқинда Колорадода бўлиб ўтган “The State Fair’s annual art competition” йиллик санъат танловида “Midjourney” нейрон тармоғи картинаси ғолиб, деб топилди.
Ушбу нейронни ишлаб чиққан Жейсон Аллен расм чизиш қоидасини расмий равишда бузмаган бўлса-да, кўп танқидга учради. Танлов рақамли санъатга бағишланган бўлиб, сунъий интеллект ёрдамида "Кенг опера театри" номли асар яратилди. Бундан ташқари муаллиф ўз ижод маҳсули сунъий интеллект ёрдамида чизилганини очиқчасига таъкидлади.
Ҳарбий-саноат мажмуаси, армия сунъий интеллектсиз ривожлана олмаслиги, аллақачон, маълум бўлган.
Дронлар разведка қилиш, нишонга олиш ва ўт ўчиришни уддаласа, робот тизими, тўғридан-тўғри, артиллерияни нишонни тўғри олишга тайёрлайди. Ҳатто, робот жангга кириши ҳам мумкин. Роботлар жангини фақат кинода кўрганмиз, аммо яқин ўн йилликларда бу ҳақиқатга айланади. Ростдан ҳам нейрон тармоқ инсон ресурси ўрнини олади, баъзи ҳисоб-китобларни ўз зиммасига олади ва жанговар қуролни самаралироқ бошқаради. Ҳеч бўлмаганда, нишонга олиш ва зарба бериш орасидаги вақтни қисқартиради. Бу натижани нафақат армия келажаги, балки янги воқелик сифатида кўриш мумкин.
Сунъий интеллект монолит майдон эмас, балки ҳар қандай соҳада қўлланиши мумкин бўлган ўта мослашувчан восита, дейди экспертлар. Иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, энергетика, хавфсизлик, инфратузилма - буларнинг бари энди юқори технологияга суянмаса, қисқа вақтда турғунлик азобини бошдан кечиришга маҳкум бўлади. Масалан, электр станциясида энергия ишлаб чиқариш ва истеъмолчи талабини прогнозлашни яхшилаш, ускуна ишончлилигини баҳолаш ва жараённи автоматлаштиришни сунъий интеллект яхшироқ бажариши шубҳасиз. Ёки банк соҳасида биометрика, чат боти, овозли ёрдамчи каби тушунча ва функциялар айни мавзуга алоқадор ҳисобланади. Транспорт соҳасида - автопилот ва йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтириш, таълимда - билимни баҳолашни автоматлаштириш, репетиторлик, ўқувчи ҳатти-ҳаракатини таҳлил қилиб бориш ҳам рақамли интеллект зиммасига тушади.
Бугунги кунда нейрон тармоқ ва машинани ўрганиш инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланган. Масалан, смартфондан фойдаланувчининг хулқ-атворини таҳлил қилувчи, шу орқали қувват сарфини оптималлаштирадиган ва инсон ҳаракатини башорат қилувчи машинани ўрганиш тизими мавжуд.
Қисқаси, сунъий интеллект тараққий этиб, ҳаётимизнинг барча жабҳаларига кириб бориши узоқ келажак масаласи эмас, эртанги кун ҳақиқати экани ойдинлашмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА