Жиззахда рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда Рақамли технологиялар вазирлигининг Жиззах вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Маҳмуд Ғиёзов, IT Park Жиззах филиали директори Адҳамжон Абдуллаев ҳамда вилоятда фаолият юритаётган IT компаниялар раҳбарлари иштирок этишди.
Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар – давлат бошқаруви, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда сунъий интеллектни жадал татбиқ этиш бўйича вазифалар муҳокама қилинди.
Айни пайтда Жиззах вилоятида рақамли ислоҳотларнинг янги босқичи бошланмоқда. Ҳудудда ахборот тизимларини интеграция қилиш, маълумотларни таҳлил қилиш ва бошқарув қарорларини автоматлаштиришга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу нафақат иш самарадорлигини оширади, балки инсон омилини қисқартириб, шаффофлик ва тезкорликни таъминлайди.

– Рақамлаштириш бугун ҳаётимизда жуда катта аҳамият касб этмоқда, – дейди IT Park Жиззах филиали директори Адҳамжон Абдуллаев. – Бу жараён орқали барча соҳаларда маълумотларни аниқ таҳлил қилиш, тезкор қарор қабул қилиш ва инсон меҳнатини енгиллаштириш мумкин. Сунъий интеллект эса рақамлаштиришнинг энг юқори босқичидир. У маълумотлар асосида мустақил хулоса чиқара олади, инсонни такрорий вазифалардан халос этади.
Бизнинг мақсад – ушбу технологияларни вилоят ҳаётига изчил жорий этиб, иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда ёш мутахассислар учун янги имкониятлар яратишдан иборат.
Учрашув якунида вилоятдаги барча тармоқларда рақамлаштириш жараёнларини тезлаштириш, сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш ҳамда IT мутахассислар тайёрлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири