Тоғ-кон саноати ва геология соҳаси ривожланишида асосий роль илмий-тадқиқот ишлари ва замонавий технологияларга таянади. Геологик қидирувлар, сунъий интеллект ва аэрогеофизик методлар янги конларни аниқлаш имкониятини оширмоқда.
Бу эса нафақат ресурсларни самарали фойдаланиш, балки ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш ва экологик стандартларни сақлашга ҳам хизмат қилади.
Шунингдек, соҳа кадрлари учун замонавий рақамли ва автоматлаштирилган технологиялар бўйича таълим имкониятлари яратилиши, юртимизнинг минерал-хомашё секторини инновацион асосда ривожлантириш ва глобал миқёсда рақобатбардошликни оширяпти.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Азамат Акабиров бу борадаги ишлар ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:
– Аввало, мазкур тармоқнинг истиқболли келажаги бевосита илм-фан ва юқори технологиялар билан боғлиқдир. Хусусан, вазирлик тизимидаги Геология фанлари университети ва дунёнинг етакчи Колорадо кончилик мактаби (АҚШ) билан ҳамкорликда янги стратегик йўналишлар ишлаб чиқилмоқда. Бу интеграция доирасида геология-қидирув ишлари мураккаб бўлган ҳудудларда сунъий интеллект ёрдамида янги конларни аниқлашга ихтисослашган замонавий Компетенциялар марказини ташкил этиш, қидирув жараёнларига рақамли ечимлар ва аэрогеофизик технологияларни татбиқ этиш режалаштирилган.
Ҳозирги кунда сунъий интеллект автоматлаштирилган геологик моделлаштиришда қўлланилмоқда. Бу катта ҳажмдаги маълумотлар топографик хариталар, сейсмик маълумотлар ва геохимик таҳлиллар сунъий интеллект алгоритмлари томонидан таҳлил қилиш ҳамда конларнинг эҳтимолий жойлари аниқлаш имкониятини оширмоқда. Бунда қидирув ишларини сезиларли даражада тежашга, хатоликлардан қочишга ва ресурслардан самарали фойдаланишга имкон беради.
Бундай илмий-техник ва саноат ютуқлари ишлаб чиқаришга татбиқ этилса, Ўзбекистоннинг минерал-хомашё секторини инновацион асосда ривожлантириш ва глобал миқёсда рақобатбардошлигини таъминлаш мумкин. Масалан, илмий тадқиқотлар ва замонавий технологиялар қўлланилганда янги конларни топиш ва рентабелликни оширади. Бу нафақат иқтисодий самара, балки барқарор ривожланиш, экологик стандартларни сақлаш ва маҳаллий иш ўринлари яратишга ҳам хизмат қилади.
Ҳамкорлик доирасида ходимларимиз “MIT Horizon” платформасида замонавий рақамли ва ахборот технологиялари, ақлли ишлаб чиқариш, автоматлаштириш ҳамда барқарор ва келажак технологиялари бўйича онлайн таълим олмоқда. Бу эса кадрлар салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, улар таҳсил давомида инновацион лойиҳаларда амалий иш тажрибасига эга бўлади, яъни назария ва амалий тажрибани уйғунлаштириб, компания ва корхоналарда инновацион ечимларни жорий этишга тайёр бўлади.
Илмий-техник, саноат ва инвестицион ютуқларнинг ишлаб чиқаришга жорий этилиши нафақат минерал-хомашё секторининг ривожланиши, балки мамлакат иқтисодиётининг барқарор ва рақобатбардош бўлишига ҳам хизмат қилади. Масалан, автоматлаштирилган қидирув ва ишлаб чиқариш жараёнлари самарадорликни оширади, харажатларни қисқартиради ва инсон ресурсидан оқилона фойдаланиш имконини яратади.Шу билан бирга, барқарор ва “яшил” технологияларнинг қўлланилиши экотизимни муҳофаза қилиш ва глобал экологик стандартларга мослашишга ёрдам беради.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.