Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сунъий интеллект валюта инқирозига сабаб бўладими?
11:06 / 2024-08-21

“Халқаро минбар” лойиҳасида Франция Сиёсий тадқиқотлар институти доценти Жан-Пьер Ландаунинг “Сунъий интеллект валюта инқирозига сабаб бўладими?” сарлавҳали таҳлилий мақоласи тақдим этилмоқда.

Сунъий интеллект пулни ўлдирадими? Бугун бу савол кўпчиликни қизиқтиряпти.

Биз пулнинг ҳақиқий фазилатини унутгандекмиз. Бу тушунчани фақат алмашинувни осонлаштирадиган, вақт ўтса-да, қийматни сақлайдиган восита сифатида қабул қиляпмиз.

Аслида пул шунчаки восита эмас. Масалан, муомала учун бартер усулидан кўра, танга ёки қоғоз пул жуда қулай. Фёдор Достоевский таъкидлаганидек, “пул зарб қилинган эркинлик”.

Кун келиб, сунъий интеллект томонидан бошқариладиган, чексиз маълумот ва қайта ишлаш имкони мавжуд дунёда яшасак, вазият бутунлай бошқача кўриниш олади. Шундай шароитдагина пул ҳеч қандай аҳамият касб этмаслиги мумкин.

Пул бизни қандай озод қилишини англаш учун ҳар қандай битим занжирини кўриб чиқиш даркор. Маблағни олгач, биз вазиятни назорат қила бошлаймиз. Сармояни сақлаш ёки сарфлашни ўзимиз ҳал қиламиз. Бундай имкониятни фақат пул беради. Бундан ташқари, айни универсал восита ҳар қандай жой ёки вақтда кимдан бўлмасин, бирор нимани сотиб олиш имконини беради. Алоҳида эркинлик бойликдан эмас, балки танлаш қобилиятидан келиб чиқади.

XIX асрда баъзи компаниялар ходимга маошни фақат шу корхонага қарашли дўконда қабул қилинган квитанция билан тўлаган. Замонавий технология ёрдамида эса махсус мақсадли, чекланган фойдаланиш ва ҳатто сотиб олиш санаси билан “дастурлаштириладиган пул” чиқариш мумкин.

Ҳозир техника турли хил иқтисодий фаолиятни ташкил этадиган, қарор қабул қиладиган ва вазифани бажара оладиган келажакка пойдевор қурмоқда. Бу жараёнда ўзаро амалиёт, кредит ва дебит ҳисоб-китоби амалга оширилади, тўғридан-тўғри шартномага риоя қилиш ва бажариш таъминланади. Ҳеч қандай носозлик йўқ. Шундай дунё сари аллақачон қадам босилган.

Ўн йил олдин “Google” компанияси бош иқтисодчиси Хэл Вариан рақамли иқтисодиётдаги ҳар бир транзакция марказида компьютер туришини таъкидлаган эди. Зеро, эндиликда кундалик фаолият тобора автоматлаштирилмоқда, алгоритмик савдо қимматли қоғозлар бозорида, деярли, ҳукмронлик қилмоқда, тўлов тизими аксар ҳолатда дастурлаштирилган.

Агар крипто валюта тарафдорларининг келажак ҳақидаги тасаввури амалга ошса, ақлли шартнома марказлашмаган молия олами воситачилигини бошқаради. Баъзилар, ҳатто, мураккаб алгоритм пул-кредит сиёсатини юритишда марказий банк ўрнини босиши мумкин, дея тахмин қилишади. Ҳозирча машинадан қисман фойдаланиляпти. Одамлар ҳамон эркин агент сифатида қарор қабул қилишни афзал кўради ва шунга мувофиқ ҳаракатланади. Марказий банк қоидага кўр-кўрона амал қилмайди. Айниқса, инқироз даврида ёки таъминот билан боғлиқ зарбага дуч келганда мураккаб келишувни кўриб чиққандан сўнг қарор қабул қилади.

Дарҳақиқат, автоматлаштирилган, инсон томонидан бошқариладиган иқтисодиётда пул ҳар қачонгидан кўпроқ керак. Фақат энди замонга мослашиш керак, чунки рақамлаштириш масофа ва вақт ҳақидаги тушунчани кескин ўзгартирди.

Энди пул ҳам рақамли, масалан мобил телефонимиздаги токен шаклида бўлиши керак – электрон пул мураккаб ҳисобот ёки контр агент тармоғидан ўтмасдан, бутун дунё бўйлаб бир зумда айланиши мумкин. AI – сунъий идрок пайдо бўлиши билан чегара янада кенгайди. Сценарий асосида коинот миқёсида лойиҳа яратиш мумкин. Бунда AI нафақат маълумотни қайта ишлайди ва буйруқни бажаради, балки қарор қабул қилади ва ҳатто ўз мақсадини белгилайди. Бундай бошқарув объектини кишилар хоҳиш-истагига, эҳтимол, мос келмайдиган имтиёз асосида ҳаракатланувчи “агент” сифатида тасаввур қилса бўлади. Бу имконияти билан AI ресурсни, даромадни тақсимлаш вазифасини зиммасига олади. Миллионлаб эҳтимолий ҳолатлар орасидан барқарор иқтисодий мувозанатни танлайди ва баҳолайди, афзал йўлни аниқлайди.

Сунъий интеллект келажаги ҳақидаги баҳс кўпинча ўзига хосликка ишора қилади. Яъни, яратилган идрок ҳам ривожланиши мумкин. Шу билан бирга ақлнинг ҳар қандай кўрсаткичи бўйича инсондан тезда ўзиб кетади.

Дарвоқе, AI мутахассислари орасида ҳам муайян келишмовчиликлар мавжуд. Пулсиз дунё техник жиҳатдан бадастир бўлиши мумкин, аммо яшашга арзийдими ёки йўқми, бу бошқа масала.

Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА