Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сунъий интеллект ва ҳуқуқ: тадқиқотлар чуқурлаштирилади ва халқаро ҳамкорлик кенгайтирилади
17:24 / 2025-11-26

Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот марказида “Сунъий интеллект даврида ҳуқуқ: имкониятлар ва муаммолар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Тадбирда Россия, Қозоғистон ва Беларусь давлатлари етакчи мутахассислари иштирок этиб, ўз мамлакатларида сунъий интеллектни тартибга солиш тажрибаси билан ўртоқлашди. 

Россия Федерацияси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот илмий маркази Экспертиза бўлими бошлиғи Андрей Свистунов Ўзбекистон ва Россияда сунъий интеллектни тартибга солиш амалиёти ҳақида қиёсий таҳлил тақдим этди. Бу икки давлатнинг қонунчилик ёндашувларини солиштириш имконини берди.

Қозоғистон Республикаси Қонунчилик ва ҳуқуқий ахборот институти вакиллари – Алина Шалгимбаева ҳамда Арман Батрахановлар халқаро ташкилотларнинг сунъий интеллектни тартибга солишдаги роли, суд тизимида предиктив технологияларнинг қўлланилиши масалалари юзасидан қизиқарли маъруза билан қатнашди.

Беларуслик мутахассислар Наталья Минко ва Иван Костян сунъий интеллект технологияларини миллий ва халқаро даражада тартибга солиш, шунингдек, фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқига оид ахлоқий-ҳуқуқий жиҳатларини таҳлил қилди.

Маҳаллий спикерлар конференцияда мамлакатимизда амалга оширилаётган ишланмалар ва илмий-назарий тадқиқотларни тақдим этди. 

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга юридик ишлов бериш бўлими бошлиғи Баҳодир Турғунов LexAI платформаси мисолида сунъий интеллект асосидаги ҳуқуқий чат-ботнинг имкониятлари ва афзалликларини намойиш этди. Бу миллий ҳуқуқий ахборот тизимида сунъий интеллект технологияларининг амалий татбиқ этилишининг ёрқин намунасидир.

Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари кенг доирадаги масалаларни кўриб чиқди. Жумладан, сунъий интеллект ва меҳнат-ҳуқуқий муносабатлар, биотехнологик ихтироларни патентлаш, сунъий интеллектдан фойдаланишда ахлоқий ва ҳуқуқий меъёрлар мувозанати, глобаллашув шароитида сунъий интеллектнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига таъсири каби долзарб мавзулар муҳокама қилинди. 

Анжуманда тақдим этилган материаллар бир неча жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Биринчидан, улар сунъий интеллектни ҳуқуқий тартибга солишнинг турли ёндашувларини таққослаш имконини беради. Иккинчидан, назарий тадқиқотлар билан амалий тажрибалар ўртасида кўприк вазифасини ўтайди. Учинчидан, келажакда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш учун асос яратади.

Конференцияга тақдим этилган ҳар бир тезис Google Scholar халқаро илмий базасида индексланади, бу эса Ўзбекистон ҳуқуқшуносларининг илмий ишларини халқаро миқёсда таниқли қилишга хизмат қилади. 

Конференция сунъий интеллект соҳасида ҳуқуқий тадқиқотларни чуқурлаштириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини кўрсатди. 

Анжуман сунъий интеллект даврида ҳуқуқий тизимни модернизация қилиш, ахлоқий ва ҳуқуқий меъёрлар ўртасида мувозанатни таъминлаш ҳамда фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг муҳим босқичи бўлди. 

Н.Абдураимова, ЎзА