Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича 31 та лойиҳа молиялаштирилди
17:20 / 2023-05-10

2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2023 йил биринчи чоракдаги ижроси доирасида миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлашнинг устувор йўналишлари бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилган. Хусусан, миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш ва ялпи ички маҳсулотда саноат улушини оширишга қаратилган саноат сиёсатини давом эттириб, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 баробарга ошириш мақсад қилиб олинди.

Рақамли иқтисодиётни асосий “драйвер” соҳага айлантириш мақсадида “Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасидаги илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш дастури” тасдиқланди.  

Дастур доирасида сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш бўйича умумий қиймати 37,8 млрд. сўмга тенг 31 та лойиҳа молиялаштирилиб, шундан 6 та фундаментал, 10 та амалий, 12 та инновацион ва 3 та халқаро лойиҳалардир.  

Шунингдек, “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури доирасида жорий йилда 100 та экспортчини қўшимча қўллаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантириш мақсадида 100 та экспортчи корхоналар рўйхати онлайн тартибда автоматик тарзда рейтинг асосида шакллантирилди ҳамда экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш ягона порталида эълон қилинди.  

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг йиғилишида қайд этилди. Унда 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2023 йил биринчи чоракдаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди.  

ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратди. Таъкидланганидек, Давлат дастурида қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 баравар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш кўзда тутилган. Унга кўра, 750 мингта янги деҳқон хўжаликларини тадбиркорга, ер эгасига айлантириш, бунинг ҳисобига қишлоқларда ижтимоий муаммолар, аввало, ишсизлик ва камбағаллик масаласини ҳал этиш ишларини давом эттириш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ кенг қамровли ишлар олиб борилди.  

Муҳокамалар давомида Давлат дастурининг ижроси юзасидан фикрлар билдирилди, қатор саволлар берилди. Депутатлар томонидан кўтарилган барча саволларга тегишли вазирликлар масъуллари атрофлича жавоб қайтарди. Мунозаралардан сўнг Давлат дастурининг ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи маъқулланди.  

М.Комилова, ЎзА