Ўзбекистон Республикаси Президенти “Сунъий интеллект технологияларига асосланган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида сунъий интеллект технологияларига асосланган устувор ва стартап лойиҳаларни молиялаштириш жараёнлари янада кенгайтирилади.
Қарорга кўра, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида сунъий интеллект технологияларига асосланган, шу жумладан, стартап лойиҳаларни молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 2026-2027 йилларда қўшимча 100 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ қуйидаги мақсадлар учун ажратилади:
а) 50 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ беғараз асосда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун;
б) 50 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ тенг улушларда “Фондлар фонди” ва “IT Park Ventures” венчур жамғармалари утав капиталига Тикланиш ва тараққиёт жпамғармасининг улуши сифатида киритилиши орқали сунъий интеллект технологияларига асоланган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун.
Қарорга мувофиқ, маблағлар “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштириш комиссияси томонидан тақсимланади. Бунда:
тармоқ ва ҳудудлар кесимида маблағларни тақсимлаш йиллик сметаси, шу жумладан, лойиҳалар кесимида молиялаштириш ҳажми Мувофиқлаштириш комиссияси томонидан белгиланади;
2025 йил 1 декабрга қадар давлат органлари ва ташкилотлари ўз фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича таклифларни Мувофиқлаштириш комиссиясининг ишчи органига тақдим этади;
2026 йил 1 январга қадар ишчи орган таклифларни саралаб, Мувофиқлаштириш комиссиясига тақдим этади;
“Фондлар фонди” ва “IT Park Ventures” венчер жамғармалари орқали молиялаштириладиган лойиҳаларнинг устувор йўналишлари ва мезонлари Мувофиқлаштириш комиссияси томонидан белгиланади.
Лойиҳалар Мувофиқлаштириш комиссияси кўрсатмасига асосан қуйидагича молиялаштирилади:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 22 октябрдаги ПФ – 189-сон Фармонига асосан шакллантирилган реестрга киритилган тадбиркорлик субъектлари билан тузиладиган шартномаларга асосан;
ушбу реестрда мавжуд бўлмаган янги лойиҳалар бўйича Мувофиқлаштириш комиссияси томонидан белгиланган талаб ва мезонларга мувофиқ келувчи иштирокчилар орасида ўтказиладиган очиқ танлов натижаларига кўра;
мазкур қарор доирасида ишлаб чиқиладиган ахборот тизими ва ресурслари техник ҳужжатларининг экспертизаси, истисно тариқасида, барча экспертиза органларида бир вақтнинг ўзида 15 кун муддатда амалга оширилади.
ЎзА