English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сунъий интеллект сари дадил қадам
09:19 / 2025-12-05

Бугун инсоният янги цивилизация босқичига – сунъий интеллект даврига дадил қадам қўймоқда. Қайси соҳа бўлмасин, ким бу жараёнда қаттиқ изланиб, аниқ натижа қилса, бир қадам олдинда юрса, марра шуники бўлади.

Яқинда Бирлашган Араб Амирликларининг Абу Даби шаҳрида “Enact Majlis”, “Adipec-2025” сунъий интеллект ва энергетика соҳасига оид бўлиб ўтган халқаро форумларда дунёнинг ёқилғи-энергетика, сунъий интеллект ва энергетика соҳасидаги кўплаб вазирликлари, етакчи компаниялари қатори “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиалининг “Чуст тумангаз” газ таъминоти бўлими маҳаллабай ишлаш хизмати бошлиғи Дониёр Исмоилов ҳам қатнашди. 

Ҳамюртимиз нуфузли анжуман доирасида “YeMYeA” минтақаси учун энергетика ва ресурслар раҳбари  Пабло Перис, Рақамли лойиҳалар ва инновациялар бўйича катта вице-президенти, Халед Ао Блуши, “Atmos International” компанияси ҳамда “Al Fanar Gaz Group” корхонаси мутахассислари билан учрашди. 

Тадбир давомида кўргазма ҳам ташкил этилиб, унда энергетика ва газ соҳасида сунъий интеллект технологияларининг қўлланилиши, тармоқлардаги самарадорликни ошириш, йўқотишларни камайтириш ва интеллектуал мониторинг тизимларини жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

– Кўргазмада кўзланган асосий мақсад газ тармоқларини бошқаришда сунъий интеллект технологияларини ўрганиш, халқаро тажриба ва илғор ечимларни Ўзбекистон амалиётига жорий этиш имкониятларини ўрганишдан иборатдир, – дейди Дониёр Исмоилов. – Қолаверса, газ сизиб чиқиш ҳолатларини аниқлаш, сунъий интеллект ёрдамида газ қувурларига ноқонуний уланиш ҳолатларини махсус датчик ва алгоритмлар бўйича аниқлаш иш жараёни ҳам кўриб чиқилди. 

Тадбир давомида газ тармоқларини интеллектуал мониторинг қилиш, сунъий интеллект асосида йўқотишларни таҳлил қилиш ва прогнозлаш, сенсорлар орқали аниқ ҳисобот ва назорат тизимлари, автоматлаштирилган ҳисоб-китоб технологиялари, энергия тежаш ва самарадорликни ошириш ечимлари бўйича муҳим маълумот ва тажрибалар олинди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.