Ҳозирда ҳаётимизни интернет ва замонавий технологияларсиз тасаввур қилиш деярли имконсиз. Айниқса, сўнгги йилларда сунъий интеллект (АI) технологиялари жамиятнинг барча жабҳаларига чуқур кириб бормоқда. Медиа, маркетинг, тиббиёт, таълим каби кўплаб соҳаларда АI инсон меҳнатини енгиллаштириб, вақт ва маблағни тежаш имконини бермоқда. Бироқ, ҳар қандай технологик тараққиёт сингари, сунъий интеллект ҳам фақат қулайлик эмас, балки муайян хавф ва ахлоқий муаммоларни ҳам юзага келтирмоқда.
Сунъий интеллектнинг энг катта ютуқларидан бири инсон омилини камайтириш орқали хизматлар сифатини оширишдир. Масалан, тиббиёт соҳасида АI асосида ишловчи дастурлар касалликларни эрта аниқлаш, таҳлилларни тезкор ва аниқ ўтказиш имконини бермоқда. Шифохоналарда соатлаб навбат кутиш муаммоси аста-секин қисқариб, беморлар масофадан туриб маслаҳат олиш имкониятига эга бўлмоқда. Банк ва молия тизимида эса сунъий интеллект фирибгарлик ҳолатларини аниқлаш, ҳисоб-китобларни автоматлаштиришда муҳим роль ўйнамоқда.
Маркетинг ва брендинг соҳасида эса AI ҳақиқий инқилоб ясади, десак муболаға бўлмайди. Авваллари бизнес очиш катта маблағ, уни ривожлантириш ва оммага танитиш учун профессионал модел, реклама студияси ва ижодий жамоани талаб этган бўлса, бугунги кунда сунъий интеллект ёрдамида реклама роликлари, визуал контентлар, ҳатто виртуал моделлар яратиш мумкин. Бу эса кичик бизнес ва стартаплар учун катта имкониятлар эшигини очди.
Бироқ, қулайликлар билан бир қаторда, сунъий интеллектдан нотўғри ва ғаразли фойдаланиш ҳолатлари ҳам тобора кўпайиб бормоқда. Хусусан, ижтимоий тармоқларда сунъий интеллект томонидан яратилган “инста-модел”лар орқали ёлғон даромад топиш, одамларни алдаш ҳолатлари учрамоқда. Бундан ҳам хавфлиси реал шахсларнинг қиёфасидан уларнинг розилигисиз фойдаланилиб, сунъий интеллект ёрдамида сохта, беҳаё ёки бўҳтонли видео ва суратлар тайёрланаётгани жамият учун жиддий таҳдидга айланмоқда.
Инстаграм раҳбари Адам Моссери сўзларига кўра, сунъий интеллект туфайли яқин йилларда фойдаланувчилар фотосуратлар ва видеоларни содир бўлаётган воқеаларнинг исботи деб ҳисоблай олмайди.
Бу ҳақда Моссери “Тhe Vergе” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди ва сунъий интеллект томонидан яратилган тасвирлар ва видеолар сифатининг ошганини қайд этди. Унинг таъкидлашича замонавий алгоритмлар аллақачон ҳақиқий суратдан ажратиб бўлмайдиган контент яратишга қодир.
Шундан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, АI орқали яратилган видео ва тасвирлар шу қадар реал кўринишга эгаки, оддий фойдаланувчи уни ҳақиқий ёки сунъий эканини ажрата олмайди. Бу эса шахс шаъни, обрў-эътибори ва руҳий ҳолатига жиддий зарар етказиши мумкин. Шантаж, босим ўтказиш, ёлғон ахборот тарқатиш каби ҳолатлар айнан мана шу технологиялар марказида кучайиб бораётгани ачинарли ҳақиқат.
Шу боис, сунъий интеллект орқали яратилган видео, расм ва бошқа медиа маҳсулотларга махсус белги ёки идентификация жорий этиш бугунги куннинг долзарб талабига айланмоқда. Бундай белгилаш орқали фойдаланувчи контентнинг сунъий яратилганини англай олади ва нотўғри хулосаларга келишнинг олди олинади. Акс ҳолда, технологик қулайликлар инсон ҳаётини хавф остига қўювчи омилга айланиши мумкин.
Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, сунъий интеллект нафақат технологик ютуқ, балки катта масъулиятни ҳам талаб этувчи восита. У тиббиёт, иқтисодиёт, маркетинг ва бошқа соҳаларда жамият тараққиётига хизмат қилаётган бўлса-да, назоратсиз ва ахлоқий меъёрларсиз қўлланилганда шахс эркинлиги ва маънавиятига жиддий зарар етказиши мумкин. Шунинг учун ҳам АI орқали яратилган контентни тартибга солиш, уни махсус белгилаш ва шахс розилигини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоялаш муҳим аҳамият касб этади. Фақатгина шу йўл билан сунъий интеллектнинг имкониятларидан оқилона фойдаланиб, унинг салбий оқибатларини камайтириш мумкин бўлади.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА