Дунёда рақамли технологиялар жадал суръатларда ривожланиб бораётган бир пайтда, сунъий интеллект (SI) иқтисодиёт, таълим, бошқарув ва тиббиёт каби кўплаб соҳаларнинг ажралмас қисмига айланмоқда. Ўзбекистонда ҳам бу йўналишда тизимли ишлар амалга оширилмоқда, SI технологияларини жорий этиш ва миллий иқтисодиётни трансформация қилиш учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Жорий йил 22 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармон SI соҳасини ривожлантиришда муҳим босқич бўлиб, келгуси йилларда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларни белгилайди.
Фармонга мувофиқ, SI соҳасида бир қатор стратегик йўналишлар белгиланди. 2026 йилга қадар камида 100 та SI лойиҳасини амалга ошириш ва давлат бошқаруви, ижтимоий соҳа ҳамда иқтисодиёт тармоқларида сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш режалаштирилмоқда. 2030 йилгача SI инфратузилмасини ривожлантириш учун 1 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция жалб қилиниши назарда тутилмоқда. Бу маблағ сервер қувватлари, маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш учун махсус марказлар ҳамда инновацион платформаларни яратишга хизмат қилади.
2026-2027 ўқув йилидан SI фанини мактаб ва олий таълим дастурларига киритиш режалаштирилмоқда. Янги мавзулар орасида сунъий интеллект асослари, алгоритмлар ва дастурлаш назарда тутилмоқда. Шунингдек, 2026 йилга қадар олий таълим муассасаларида 15 та SI лабораториясини ишга тушириш ва ёшларнинг амалиётда тажриба орттиришига замин яратиш режалаштирилмоқда.
SI соҳасидаги сиёсат ва лойиҳаларни мувофиқлаштириш учун Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузурида Маслаҳатлашув кенгаши ташкил этилади. 2025 йил якунига қадар “ai.gov.uz” миллий портали ишга туширилиб, SI бўйича амалга оширилган лойиҳалар, стартаплар ва ўқув платформалари ҳақидаги маълумотлар бир жойда жамланади.
Ёшларнинг SI соҳасига қизиқишини ошириш мақсадида қатор чора-тадбирлар белгиланган. 2026 йилдан “Сунъий интеллект йўналишида энг яхши стартап” танлови Президент соврини учун ўтказилади. Мактаб дастурларига SI асослари киритилади, “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси амалга оширилади ва “Янги Ўзбекистон” университетида SI бўйича тренер-ўқитувчилар тайёрланади. Шунингдек, IT ва SI йўналишлари бўйича давлат грантлари 35 фоизга оширилади ва ҳудудларда SI технологияларини ривожлантириш учун ҳокимликларда махсус маслаҳатчи лавозимлари жорий қилинади.
Юртимизда сунъий интеллектни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, барча соҳаларда инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш ва ёшларни замонавий касбларга йўналтиришга хизмат қилади. Фармоннинг ижроси SI экотизимини шакллантириш ва глобал рақобатга мос кадрлар тайёрлашда муҳим қадам бўлади.
Муҳаммаджон Маъмуржонов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Бошқарув самарадорлиги агентлиги, Андижон вилоят филиали инспектори.
ЎзА