Саноатни рақамлаштириш, барқарор электр энергияси манбаларига бўлган эҳтиёжнинг ортиб бориши ҳамда муҳандислик таълимини ривожлантириш Ўзбекистонда янги технологик кун тартибини шакллантирмоқда. Сунъий интеллект стратегик тармоқларда хавфсизлик ва самарадорликни оширишнинг муҳим амалий воситаси сифатида кўрилмоқда.
“ММФИ” Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкентдаги филиали директор ўринбосари Воҳид Қудратовнинг сўзларига кўра, бугунги кунда сунъий интеллект атом соҳасида хавфсизликни мониторинг қилиш, ускуналарга техник хизмат кўрсатиш ҳамда кадрлар тайёрлаш масалаларида энг кўп талаб этилаётган технология ҳисобланади.

Эксперт биз билан суҳбатда сунъий интеллектнинг атом энергетикасида қўлланилиши ва кадрлар тайёрлашдаги ўрни ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Сунъий интеллект бугунги кунда атом электр станцияларида бир қатор муҳим йўналишларда амалий самара бермоқда. Мамлакатимиз учун айниқса, учта йўналиш устувор аҳамиятга эга. Биринчиси, бу жамоатчиликнинг атом энергетикасига бўлган ишончини таъминловчи хавфсизлик ва мониторинг масалаларидир. Иккинчиси, янги энергоблокларининг ишончлилиги ва иқтисодий самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи ускуналарга олдиндан аниқлашга асосланган техник хизмат кўрсатиш. Учинчиси эса, рақамли эгизаклар ва сунъий интеллект асосидаги тренажёрлар орқали кадрлар тайёрлаш бўлиб, бу мамлакатда мутахассислар малакасини тез ва сифатли ошириш эҳтиёжи билан боғлиқ. Шу боис, Ўзбекистон учун сунъий интеллект тажриба эмас, балки хавфсизлик, самарадорлик ва соҳанинг барқарор ривожини таъминлайдиган, келгуси атом лойиҳалари тузилмасига дастлабки босқичдан жорий этилиши мумкин бўлган амалий воситадир.
Саноатни рақамлаштириш ва муҳандислик таълимини кучайтириш шароитида энергетика соҳасида сунъий интеллект давлат технологик стратегиясининг узвий давомига айланмоқда. Бу нафақат объектлар эксплуатацияси самарадорлигини ошириш, балки мураккаб инфратузилмани бошқаришда барқарор механизмларни шакллантиришни ҳам назарда тутади.
"Росатом"нинг атом соҳасида сунъий интеллектни жорий этиш бўйича тажрибасини дунёдаги энг тизимли ва технологик жиҳатдан етук амалиётлардан бири сифатида баҳолаш мумкин. Корпорация сунъий интеллектдан атом объектларининг бутун фаолияти давомида, яъни лойиҳалашдан тортиб ишга тушириш ва фаолият юритишгача фойдаланади. Операторлар учун интеллектуал ёрдамчилар катта ҳажмдаги маълумотларни тезкор таҳлил қилиш ва инсон омили билан боғлиқ хатолар хавфини камайтириш имконини беради.
Энергоблокларнинг рақамли эгизаклари мураккаб ҳамда ноодатий иш режимларини хавфсиз моделлаштиришга хизмат қилади. Олдиндан таҳлилга асосланган тизимлар ускуналарнинг амалдаги ҳолати асосида техник хизмат кўрсатишни таъминлайди. Бу эса станциялар фаолиятининг ишончлилиги ва иқтисодий самарадорлигини оширади. Бундай ёндашув хавфсизлик маданиятини мустаҳкамлайди, жараёнларни эса янада шаффоф ва самарали бошқариш имконини беради. Ўзбекистон учун бу тажриба айниқса, муҳим аҳамиятга эга.
Сунъий интеллект билан ишлаш аста-секин атом соҳаси муҳандислари учун янги мажбурий касбий кўникмага айланмоқда. Замонавий атом энергетикаси рақамли технологиялар, предиктив таҳлили, рақамли эгизаклар ва интеллектуал ёрдамчилардан кенг фойдаланмоқда. Бу эса мутахассислардан нафақат физика ва муҳандислик бўйича чуқур билимларни, балки сунъий интеллект алгоритмлари билан ишлаш, катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш ҳамда моделлаштириш ва қарор қабул қилишда рақамли воситалардан фойдаланиш кўникмаларини ҳам талаб қилади. Масалан, Тошкент шаҳридаги ММФИ МТЯУ филиалида ўқув дастурлари сунъий интеллект технологияларини жорий этишни ҳисобга олган ҳолда янгиланмоқда. Жумладан, машинали ўқитиш, маълумотлар таҳлили, рақамли моделлаштириш ва ихтисослашган дастурлаш йўналишлари жорий этилган. Амалий лаборатория машғулотлари ва курс ишлари доирасида рақамли эгизаклар яратиш, ўлчаш ускуналаридан олинган маълумотларни қайта ишлаш ҳамда предиктив таҳлили алгоритмларини қўллашга оид вазифалар назарда тутилган.
Шунингдек, филиал халқаро ҳамкорлар билан қўшма таълим ташаббусларини ривожлантириб, талабаларга сунъий интеллектнинг замонавий воситаларини амалий мисоллар асосида ўзлаштириш имконини яратмоқда. Таълим жараёнига сунъий интеллектни жорий этиш Ўзбекистон атом саноати учун амалиётга йўналтирилган кадрлар тайёрлашга хизмат қилиб, атом объектларидан хавфсиз, самарали ва замонавий фойдаланиш учун муҳим бўлган касбий салоҳиятни шакллантиради.
Саноатда рақамли ташаббусларнинг кенгайиши, муҳандислик мактабларининг ривожланиши ва ёшлар орасида технологик мутахассисликларга қизиқишнинг ортиши натижасида атом соҳасида сунъий интеллект инновациядан амалий инфратузилма воситасига айланяпти. Шу билан бирга, "таълим – технологиялар – хавфсизлик" алоқаси соҳадаги янги тузилмасини шакллантириб, инсон капитали ҳамда интеллектуал тизимларни мамлакат энергетикасининг узоқ муддатли барқарорлиги учун ҳал қилувчи омилга айланмоқда.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.