Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект бугун давлат бошқарувини такомиллаштириш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишда муҳим омилга айланмоқда. Шу маънода Жиззах вилоятининг олис Фориш туманида рақамлаштириш ва сунъий интеллект соҳасидаги вазифаларга бағишланган учрашув ўтказилди.
Учрашувда туман ҳокимининг ўринбосарлари, соҳавий ташкилотлар раҳбарлари ва масъул мутахассислар иштирок этиб, ҳудудда рақамли ислоҳотларни изчил амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Тадбирда Жиззах вилояти ҳокимининг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект масалалари бўйича маслаҳатчиси Озод Бобомурадов маъруза қилиб, давлат бошқарувида сунъий интеллектни жорий этишнинг аҳамиятига тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, халқаро амалиётда сунъий интеллект технологиялари қўлланилаётган давлатларда маъмурий харажатлар ўртача 20–30 фоизга қисқарган, бошқарув жараёнлари эса анча тезлашган.

Муҳокамалар чоғида рақамли платформалар орқали аҳоли мурожаатларини таҳлил қилиш, ижтимоий эҳтиёжларни олдиндан аниқлаш, бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишда сунъий интеллектнинг ўрни алоҳида қайд этилди. Бу эса қарор қабул қилишда инсон омилини камайтириш, шаффофликни таъминлаш ва коррупция хавфларини қисқартиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Учрашув якунида рақамли трансформацияни тизимли йўлга қўйиш, соҳада малакали кадрлар тайёрлаш, инновацион ечимларни қўллаб-қувватлаш ҳамда замонавий технологияларни босқичма-босқич амалиётга жорий этиш бўйича амалий таклифлар илгари сурилди.
Қайд этилганидек, рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этиш орқали нафақат марказ, балки олис туманларда ҳам самарали бошқарув ва барқарор ривожланишга эришиш мумкин.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири