Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сунъий интеллект лойиҳалари амалга оширилади
16:10 / 2022-08-15

Андижонда Буюк Британия компанияси кўмагида сунъий интеллект лойиҳалари амалга оширилади.

Мамлакатимизда ахборот коммуникация технологиялари соҳасини ривожлантириш, соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлаш, хусусан, Президентимизнинг яқин йиллар ичида Ўзбекистонда бир миллионта дастурчи тайёрлаш борасидаги топшириқ ва таклифлари асосида Андижон вилоятида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.  

Жумладан, вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида “Рақамли технологиялар ўқув марказлари”, вилоят халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда 16 та “Digital-School”, шунингдек, вилоятдаги олий ўқув юртларида Инкубация марказлари ташкил этилди. Бундан ташқари, мазкур йўналишни ривожлантиришга қаратилган кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.  

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Зиёдулло Саматов Буюк Британиянинг “Bikal Distribution Limited” компанияси директори Раж Сандҳу ҳамда "Eurosoft" компаниясининг бошқарув ҳамкори Севара Иброҳимова билан Андижон вилоятида сунъий интеллект инфратузилмасини жорий этиш бўйича ўтказган онлайн мулоқотда бу борадаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш масалалари муҳокама этилди. 

Мулоқот давомида Андижон вилояти олийгоҳларида ташкил этилган инкубация марказлари, шаҳар ва туманларда ташкил этилган ўқув марказлар базасида АКТ йўналишида таълим олаётган талабалар ҳамда Digital City IT-академияси ўқувчиларининг сунъий интеллект бўйича билим ва малакаларини ошириш, ёшлар томонидан ишлаб чиқилган қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш бўйича стартап лойиҳаларига сунъий интеллектни татбиқ қилиш орқали амалий ёрдам кўрсатиш, сунъий интеллект ва IT соҳасида малакали кадрлар ва менежерларни тайёрлаш, кейинчалик уларни юқори маошли иш билан таъминлаш юзасидан келишиб олинди.  

Бундан ташқари, “Янги Андижон” шаҳрини ақлли шаҳарга айлантириш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича музокара олиб борилди. АКТ соҳасида ҳамкорлик қилиш, келгусида ҳамкорлик кўламини кенгайтириш бўйича фикр алмашилди. 

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, 
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА