Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги Тўқувчи маҳалласи ҳудудида Наманган давлат техника университетига қарашли сунъий интеллект технологиялари лабораторияси ташкил этилади.
Президентимизнинг 2025 йил 22 октябрдаги “Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Наманган давлат техника университетида илмий лаборатория ташкил этиш, олий таълим тизимини рақамли трансформация қилиш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Қайд этиш даркор, Наманганда “Ақлли шаҳар” илмий-амалий марказини ишга тушириш мақсадида вилоят ҳокимлиги делегацияси яқинда Хитой Халқ Республикасининг Шензен шаҳри тажрибасини ўрганиб қайтди.
Олийгоҳда очиладиган янги илмий лаборатория талабаларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш, сунъий интеллект технологияларини реал лойиҳаларда қўллаш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий-тадқиқот салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Давлатобод туманида амалга оширилиши режалаштирилган мазкур лойиҳа ҳамда унинг мавжуд имкониятлари билан яқиндан танишди.
[gallery-27570]
Наманган давлат техника университети таълим, илмий ва бошқарув жараёнларини замонавий технологиялар асосида такомиллаштиришга қаратилган аниқ, истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этмоқда. Хусусан, Хитойнинг етакчи технологик компанияларидан бири – “Huawei” билан йўлга қўйилган ҳамкорлик доирасида университет инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича амалий келишувларга ҳам эришилди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.