Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультети, Масс-медиа ва оммавий коммуникациялар кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан газета ва журнал муҳаррирлари учун сунъий интеллект (AI) технологияларига бағишланган семинар-тренинг ташкил этилди.
Мазкур тадбирнинг асосий мақсади оммавий ахборот воситалари вакилларини замонавий рақамли технологиялар, хусусан, сунъий интеллект имкониятлари билан таништириш, уларни амалий фаолиятга самарали татбиқ этиш бўйича зарур билим ва кўникмалар билан қуроллантиришдан иборат бўлди.

Семинар давомида сунъий интеллектнинг журналистика соҳасидаги ўрни, ахборот тайёрлаш жараёнида унинг имкониятларидан фойдаланиш, матн яратиш ва таҳрирлаш, маълумотларни тезкор таҳлил қилиш, жараёнларда рақамли воситаларнинг аҳамияти ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, медиа маҳсулотлар сифатини ошириш, аудитория билан самарали мулоқот ўрнатиш ва контентни оптималлаштиришда сунъий интеллектдан фойдаланишнинг афзалликлари муҳокама қилинди.

Тренингнинг амалий қисмида иштирокчилар турли сунъий интеллект платформалари ёрдамида мавзу яратиш, мақола тузиш, расм ва визуал контент тайёрлаш, таҳлилий материалларни қисқа вақт ичида ишлаб чиқиш бўйича машғулотларда қатнашди. Профессор-ўқитувчилар томонидан аниқ мисоллар асосида медиа муҳаррирлари учун зарур бўлган тавсиялар берилди.

Шунингдек, семинар доирасида сунъий интеллектдан фойдаланишда одоб-ахлоқ меъёрлари, муаллифлик ҳуқуқи, ахборот хавфсизлиги ва журналист масъулияти масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, уларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди.
Бундай ташаббуслар келгусида журналистика соҳасида инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш, сифатли ва тезкор ахборот тақдим этиш тизимини такомиллаштириш йўлида муҳим аҳамият касб этади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.