Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сунъий интеллект фронтда: Россия – Украина уруши янги босқичга ўтди
09:24 / 2025-10-11

Украинадаги уруш майдони тобора технологик хусусият касб этмоқда. Энди жанг фақат аскарлар ва дронлар ўртасида кечаётгани йўқ, сунъий интеллект (AI) ҳам можарога фаол аралашмоқда.

Мамлакат мудофаа кучлари маслаҳатчиси Сергей Бескрестнов яқинда қўлга олинган рус дронини ўрганаркан, учоқ “одатий учувчисиз восита эмас”лигини аниқлади.

– Бу дрон нишонни ўзи аниқлаб, AI ёрдамида ҳужумни ҳам  мустақил амалга оширган, – дейди мулозим. – Мазкур технология келажак учун энг жиддий таҳдиддир.

Умуман, Россия ва Украина сўнгги йилларда сунъий интеллектни ҳарбий стратегияга фаол татбиқ этмоқда. AI ҳозир разведка, ҳудудни минадан тозалаш, нишонни аниқлаш ва жанг майдонидаги маълумотни таҳлил қилишда қўлланмоқда.

Украина мудофаа вазири ўринбосари Юрий Мироненко айтишича, ҳар ой фронтда олинган 50 000 га яқин видео тасвир AI тизими ёрдамида таҳлил қилинади:

– Сунъий интеллект минглаб маълумотни тезда қайта ишлаш, душман жойлашувини аниқлаш ва харитага жойлаштириш имконини беради. Шу тариқа ҳар қандай қарор тезкор қабул қилинади, ресурс тежалади.

Бундай технология нафақат жанг самарадорлигини оширади, балки инсон омили туфайли йўл қўйиладиган хатони камайтиради. Натижада жуда кўп инсон – аскарлар ҳаёти сақлаб қолинади.

Украиналик ишлаб чиқувчилар ҳам айни пайт AI бошқарувидаги дронларни синовдан ўтказмоқда. Нишонга боғланиб, сўнгги босқични тўлиқ мустақил якунлай оладиган бундай дронларни тўхтатиш ёки уриб тушириш, деярли, иложсиз.

Маҳаллий “The Fourth Law” технология компанияси раҳбари Ярослав Агнюк бундай учоқлар тез орада шахсий таркиб сонини сезиларли даражада камайтиришга асос бўлишини таъкидлади:

–  Оддий аскар телефонидаги тугмани босади – дрон нишонни топади, зарба беради, натижани баҳолайди ва базага қайтади. Жараёнда ҳеч қандай учувчилик малакаси керак эмас.

Мутахассислар 2026 йилгача Украина армиясида минглаб шундай тизим пайдо бўлишини тахмин қилмоқда.

Афсуски, технология ютуқлари ахлоқий ва хавфсизлик хавотирини кучайтираётгани ҳам бор гап. AI тизими хатога йўл қўйиб, ўз аскарини душман билан адаштириши мумкин. Шу боис айрим компаниялар, масалан “DеvDrоid” ҳозирча автомат равишда ўқ узиш функциясини ёқмаган.

– Технология мавжуд, лекин биз ҳали муайян янгиликни тўла ишонч билан ишлата олмаймиз, – дейди компания раҳбари Вадим. – Аввал фронтда тўпланадиган тажрибани таҳлил қилиш лозим.

Бундан ташқари халқаро ҳамжамиятда ҳам AI қуроллари қонунийлиги ва инсонпарварлик меъёрига мувофиқлиги бўйича баҳс авж олмоқда.

Украина Президенти Владимир Зеленский БМТ минбаридан туриб AI технологияси назоратсиз ривожланаётганидан огоҳлантирди:

– Сунъий интеллект инсоният тарихидаги энг хавфли қуролланиш пойгасини бошлаб берди. Бу масала ядровий қурол тарқалишини тўхтатиш каби шошилинч эътибор талаб қилади.

Унинг таъкидлашича, мазкур жараённи халқаро даражада бошқариш учун глобал қоида ва назорат механизми  зарур.

Мусулмон Зиё, ЎзА