Барчамизга маълумки, Самарқанд шаҳрида БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти — ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси бўлиб ўтди. Ушбу халқаро анжуман тарихий, маънавий ва стратегик жиҳатдан алоҳида аҳамият касб этади. Давлатимиз раҳбарининг конференциядаги нутқи Ўзбекистоннинг халқаро майдонда “Илм, маданият ва ҳамжиҳатлик маркази” сифатидаги нуфузини янада мустаҳкамлади.
Президентимиз ўз нутқида бир қатор муҳим глобал ташаббусларни илгари сургани ЮНЕСКОга аъзо давлатларнинг, халқаро ҳамжамиятнинг эътиборига сазовор бўлди.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шаҳноза Холмаҳаматова ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Биламизки, ЮНЕСКО дунё миқёсида илм-маърифат, тинчлик, маънавиятга чорловчи халқаро тузилма ҳисобланади. ЮНЕСКО ташкил этилган давр инсоният тарихида тинчлик ва осойишталик англанган даврга тўғри келади. Сўнгги йилларда ЮНЕСКО билан Ўзбекистоннинг амалий ҳамкорлиги ривожланиб, стратегик алоқалари кенгайиб бормоқда. Чунки бизнинг мамлакатимизда ҳам маданиятга, туризм, илм-фан равнақига эътибор кучайтирилгани, бу борадаги ислоҳотлар ЮНЕСКОнинг ишончини орттирди.
ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси учун айнан Самарқанд танлангани бежиз эмас. Самарқанд руҳи доим инсонларни инсонпарварликка, бағрикенгликка, мулоқотга, тинчлик ва дўстликка чорлаб келган. ЮНЕСКО эса мана шундай эзгу туйғуларни дунё бўйлаб тарғиб қилади. Қолаверса, Самарқанд ЮНЕСКО Жаҳон меросининг бир қисми ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбари анжумандаги тарихий нутқида кун тартибидаги асосий масалалар бўйича муҳим таклиф-ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, инклюзив таълимни ривожлантириш бўйича алоҳида платформани жорий этиш ташаббуси жуда муҳим ҳисобланади. Чунки бугунги глобал даврда ижтимоий тенглик ва ижтимоий адолатни таъминлаш долзарб аҳамиятга эга.
Ахборот технологиялари асрида фарзандларимизнинг ундан унумли фойдаланишига эътибор қаратиш муҳим. Шу маънода давлатимиз раҳбари сунъий интеллект этикаси бўйича халқаро экспертлар анжуманини ташкил этиш бўйича ташаббусни илгари сурди. Бу эса ЮНЕСКО доирасида ушбу соҳада яхлит хулосалар, муҳим дастурлар ишлаб чиқилишига асос бўлади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Ispc6i2w3pY?si=PEkiQr3NNPhJOQA5" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова,
Искандар Исматов (видео),
ЎзА