Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Сунъий интеллект, электрон бошқарув ва ахборот эркинлиги” мавзусидаги халқаро конференция
20:14 / 2022-09-29

“International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамда ЮНЕСКО ҳамкорлигида “Сунъий интеллект, электрон бошқарув ва ахборот эркинлиги” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Анжуман 28 сентябрь – Халқаро ахборотдан эркин фойдаланиш куни муносабати билан ташкил этилган бўлиб, ундан кўзланган мақсад дунё миқёсида ахборот олиш имкониятини кенгайтиришда амалга оширилаётган ишлар таҳлили, давлат органларининг маълумотларни етказишда шаффофлик ва очиқлик сиёсатига риоя этиши, соҳада эришилаётган муваффақият, янгиликлар тақдимоти билан таништиришдан иборат.

Гибрид форматда ўтган анжуманда маҳаллий ва хорижий соҳа мутахассислари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва ахборот сиёсати масалалари бўйича масъул қўмита раислари, мутасадди давлат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазири, ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссияси раиси Азиз Абдуҳакимов очилиш маросимида ушбу нуфузли тадбирни мамлакатимизда ташкил этилгани учун ЮНЕСКОга миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, мамлакатда ахборот олиш эркинлиги, давлат ташкилотларининг халқ олдида ҳисобдорлигини таъминлаш қонун билан мустаҳкамлангани, Ўзбекистон ташкилотнинг ахборотдан эркин фойдаланиш борасидаги барча саъй-ҳаракатини қўллаб-қувватлаши қайд этилди.

[gallery-8973]

Шундан сўнг, “Сунъий интеллект, электрон бошқарув ва ахборот эркинлиги: инновациялар, инклюзив ва ҳуқуқ” мавзусидаги давра суҳбати билан давом этди.

Мулоқот чоғида ЮНЕСКО Бош директорининг коммуникация ва ахборот масалалари бўйича ёрдамчиси Тауфик Желасси сўзга чиқди. У тўқсонинчи йилларда дунё бўйича 14 та давлатда ахборот олиш эркинлиги тўғрисида қонун мавжуд бўлган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 135 тага етганини маълум қилди.

Ахборот хавфсизлиги бўйича экспертлар 2022-2028 йилларда жаҳон киберхавфсизлик бозори ўртача 9,5 фоизга ўсади, деган фикр билдирилди.

Кибержиноятнинг йиллик глобал зарари эса 2025 йилга келиб 10,5 триллион долларга етиши мумкин. Шу нуқтаи назардан кибержиноятчиликка қарши курашда сунъий интеллект технологияларидан тўғри фойдаланиш кўплаб муаммоларни самарали ҳал қилишга ёрдам беради.

Тадбирнинг иккинчи қисми соҳа йўналишлари бўйича секция йиғилишлари шаклида ўтди.

Анжуман якунида Тошкент декларацияси қабул қилинди.

Б.Худойбердиев, Д.Эрназаров (фото), ЎзА