Бугун сунъий интеллект (СИ) инсоният тараққиётининг янги драйверига айланмоқда. Кеча мўъжиза саналган технология бугун кундалик турмушимизнинг ажралмас қисмига айланди: телефонимиздаги тавсиялар, банк тизимидаги хавфсизлик чизмаси, тезкор тиббий ташхис – буларнинг бари СИ маҳсули.
Мутахассислар фикрича, сунъий идрок ХХI аср электр энергияси ёки интернети каби асосий инфратузилма технологиясига айланмоқда. СИ маълумотни сониялар ичида таҳлил қилиб, инсон тасаввур қила олмайдиган боғлиқликни аниқлайди, тахминлайди, қарор қабул қилиш жараёнини тезлаштиради. Натижада самарадорлик ошади, ресурс тежалади, бошқарув тизими такомиллашади.
Давлат бошқарувида СИ шаффофлик ва тезкорликни кучайтириши мумкин. Ижтимоий ёрдамни манзилли тақсимлаш, солиқ тушумини мўлжаллаш ёки жиноятчиликка қарши таҳлилий тизим ишлаб чиқиш – ҳаммаси рақамли давлат бошқарувининг таркибий қисмига айланмоқда.
Бошқа томондан, назорат ва жавобгарлик масаласи долзарблигича қолмоқда. Меҳнат бозорида икки ёқлама жараён кузатиляпти: айрим оддий ёки такрорланувчи касблар қисқаради, янги технологик йўналишлар пайдо бўлади.
Умуман, СИ шунчаки технология эмас, балки янги тафаккур, ўзгача иқтисодий тизим, алоҳида ижтимоий муҳит. Айни жараён инсониятни ортга эмас, олдинга етаклашини таъминлаш учун энг зарур омил масалага масъулиятли ёндашув ва стратегик бошқарувга мурожаат қилиш.
ЎзА мухбири сунъий интеллектнинг имконияти, хавфи ва истиқболи хусусида Рақамли технологиялар вазирлиги СИ технологияларини ривожлантириш департменти бош мутахассиси Фахриддин Ҳакимов билан суҳбатлашди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/kk13jU_fGyw" title="Sun’iy intellekt davri: insoniyat yangi bosqich ostonasida" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мусулмон Зиё,
Нишонбой Абдувоитов, ЎзА