French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сунъий интеллект — давлат хизматларида янги имконият
09:23 / 2025-12-28

Рақамлаштириш ва сунъий интеллект бугунги кунда давлат бошқаруви самарадорлигини оширишнинг муҳим омилларидан бирига айланмоқда. Шу боис, соҳада билим ва амалий кўникмаларни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар изчил амалга оширилаётир.

27 декабрь куни давлат бошқарувида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича ўқув дастури ўз якунига етди. Унинг доирасида давлат органлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимларининг рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича маслаҳатчилари иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди.

Очиқ мулоқотда Президент администрациясининг Молиявий технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича департаменти раҳбари Бобур Ходжаев иштирок этди. Шунингдек, Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҳам тадбир қатнашчилари билан мулоқот қилди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифаларга эътибор қаратилди. Хусусан, иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш масалалари қайд этилди. Ахборот технологиялари ва сунъий интеллект соҳасини жадал ривожлантириш вазифалари таъкидланди. Давлат хизматларини рақамлаштириш ҳамда “Электрон ҳукумат” тизимини тубдан янгилаш зарурлиги алоҳида белгиланди.

Очиқ мулоқот давомида республика ҳудудларидан иштирок этган маслаҳатчилар ўз таклиф ва ташаббусларини билдирди. Улар сунъий интеллект инфратузилмасини такомиллаштириш масаласига тўхталди. Кадрлар салоҳиятини ошириш зарурлиги таъкидланди. Ёшларни рақамли технологиялар соҳасига жалб этиш муҳим экани қайд этилди. Шунингдек, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва ҳудудларда инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича фикрлар илгари сурилди.

Билдирилган масалалар юзасидан тегишли раҳбарлар томонидан батафсил тушунтиришлар берилди. Белгиланган йўналишларда амалий ишлар олиб бориш лозимлиги айтилди. Ўзаро тажриба алмашиш аҳамиятига эътибор қаратилди. Келгусида ҳудудий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ ечимлар белгилаб олинди.

Тадбир якунида “Давлат бошқарувида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш” ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган иштирокчиларга сертификатлар топширилди. 

Нигора Раҳмонова, ЎзА