Ҳаётимизга сунъий интеллект кириб келиши АКТ соҳаси ривожига катта таъсир кўрсатди. Бугун сунъий интеллект, у билан ишловчи мутахассисга эҳтиёж ортди. Шуларни ҳисобга олиб Фарғона давлат техника университети ҳам “IT Park” Фарғона филиали билан ҳамкорликда “ЖОБФАИР-2025” меҳнат ярмаркасини ташкил этди.
Ярмарка АКТ соҳасида фаолият кўрсатаётган компаниялар ва ёш мутахассислар ўртасида самарали ҳамкорлик, ишга жойлашиш ва амалиёт имкониятларини яратишга қаратилган.

– Меҳнат ярмаркасига АКТ компаниялари ўзларининг бўш иш ўринлари билан келишган,–дейди Фарғона давлат техника университети талабаси, танлов иштирокчиси Тоҳир Найбабаев. – Айни пайтда стартап лойиҳалари муаллифи бўлган университет талабалари иш берувчи компаниялар суҳбатидан ўтадилар.

Тадбирнинг очилиш маросимида бу каби меҳнат ярмаркалари иш берувчи компаниялар учун малакали ёш мутахассислар билан бевосита суҳбат ўтказиш, амалиётчи ва янги ходимларни танлаб олиш, университет билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имкониятини бериши қайд этилди.

Айни чоқда унинг иштирокчиси бўлган талаба-ёшлар учун 20 дан ортиқ етакчи АКТ компаниялар билан танишиш, шу ерда суҳбатдан ўтиб, иш ёки амалиёт ўрнига ариза бериш, стартап ва технологик лойиҳалар ҳақида маълумот олиш имкони бўлди. Дастлаб танловнинг ҳар бир иштирокчиси ўз лойиҳаси тақдимотини ўтказди.

– Жами 150 дан ортиқ лойиҳалар танловда иштирок этмоқда, – дейди Фарғона давлат техника университети “Стартап маркази” раҳбари Қудрат Муҳаммаджонов. –Ҳар бир лойиҳа ҳайъат томонидан чуқур ўрганиб чиқилди. Улардан 50 таси ажратилиб, экспертлар гуруҳига тақдим этилди. Танлов якунида юқори балл олган лойиҳа муаллифларига белгиланган мукофотлар топширилади.

– Мен ҳам танловда иштирок этяпман. Сунъий интелектга асосланган имтиҳон тизимларини автоматлаштириш ва назоратни кучайтириш мавзусида лойиҳам бор. Менинг таклифим ҳусусий ва давлат олий таълим муассасаларида жорий этилса, 300 минг долларлик даромад кўриши мумкин, – дейди Тоҳир Найбабаев.

“ЖОБФАИР-2025” ғолиблари тақдирланса, қолган иштирокчилар ҳам ютқазмайдилар. Улар учун ҳам алоҳида лойиҳа кўзда тутилган.

– Инкубация дастуримизда ўқиб, ундан кейинги яна бир ихтисослашган дастурни ўзлаштирганидан сўнг ўзларининг лойиҳалари асосида кичик моделларни яратиб соҳага жорий этиш мумкин бўлади, – дейди марказ раҳбари.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/wCDwp3BBu3Y" title="Sun’iy intellekt bilan uyg‘unlikdagi loyihalar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат),
ЎзА