Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сунъий интелект яширин иқтисодиётга қарши (+видео)
07:45 / 2026-02-04

Яширин иқтисодиёт бу энг аввало мамлакатимизнинг барқарор ривожланишга салбий таъсирини кўрсатадиган иллатдир. Ҳозирда барча куч ва эътибор коррупция ва яширин иқтисодиётнинг томирига болта уриб, уни буткул жамиятимиздан чиқариб ташлашга қаратилмоқда.

Жумладан, Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан мутасадди идора  ходимлари билан  ҳамкорликда яширин иқтисодиётни қисқартиришда рақамлаштириш ва сунъий интелектни қўллаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунда нақд пул кўп айланадиган бозорлар ва савдо комплексларини рақамлаштириш борасида инновацион тизим, ситуацион марказлар жорий этилди.  

- Январь ойи тушумларини мониторинг қилганимизда ўтган 2025 йил билан таққослаганда бозор тушумлари 37 фоизга ўсгани кузатилди, - дейди “Эски Жува деҳқон бозори”нинг рақамлаштириш бўйича раҳбари ўринбосари Фазлиддин Турғунов. – 2025 йил январь ойида 1.5 млрд тушум бўлган бўлса, ҳозирда 2.3 млрд атрофида бўлди.  

 

Электрон  тўлов тизими орқали эндиликда “Эски Жува деҳқон бозори”даги расталардан фойдаланганлик учун сотувчилардан олинадиган  тўловлар тўлиқ рақамлаштирилди. Замонавий, тезкор электрон тўлов тизимлари, ситуацион марказлар жорий этилмоқда. Шунингдек, бозор ҳудудидаги автотураргоҳлар замонавий сунъий интелект билан уйғунлаштирилган видеокузатув камералари билан жиҳозланиб, пул тушумлари тўлиқ назоратга олинди.  

Масалан, “Фарҳод деҳқон бозори” ҳудудига туташ автотураргоҳда сунъий интелект қанча автомобиль кирганини, қанча автомобилга жой борлигини кўрсатиб туради. Масалан, биз борганимизда электрон таблода 850та автоуловга жой мавжудлигини кўрсатмоқда. Натижада инсон омилисиз автопарковкалар қанча даромад қилиши аниқ-равшан кўриниб туради.  

Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида автотураргоҳлардаги 1 ойлик тушумлар ҳажми қарийб 2 млрд сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробарига ошиши таъминланди. Бу орқали савдо жараёнларида нақд пул айланмаси қисқарди.  

Солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва рақамлаштириш, бизнесга қўшимча енгилликлар бериш, меҳнат муносабатларини яхшилаш мақсадида солиқ маданияти ҳақида аҳоли орасида кенг тарғибот ишлари ўтказилмоқда.  Яширин иқтисодиётнинг олдини олиш, солиқ тушумларини ўз вақтида тўлаш, ноқонуний тадбиркорлик фаолиятининг ҳар қандай кўринишига қарши муросасиз курашиш лозимлиги ҳақида сотувчилар ўртасида  тушунтиришлар олиб бориляпти.  

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари томонидан “Яширин иқтисодиётга қарши биргаликда курашайлик шиори” остида банерлар, буклетлар, видеороликлар тайёрланиб, аҳоли гавжум жойларда инновацион ахборот – тарғибот материалларидан фойдаланган ҳолда профилактик тадбирларнинг ўтказилиши яхши самара беряпти. Ўз навбатида ҳар биримиз яширин иқтисодиётга қарши муросасиз муносабатда бўлсак бу иллатдан қутула оламиз ва давлатимиз иқтисодиётининг ривожига, янги иш ўринларининг яратилишига, жамиятда соғлом муҳит бўлишига ҳисса қўшган бўламиз.  

<iframe width="815" height="458" src="https://www.youtube.com/embed/s-GhUJOiuQs" title="Sun’iy intelekt yashirin iqtisodiyotga qarshi " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Санжар Тошпўлатов, Дониёр Якубов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА