Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сунакнинг 100 куни...
19:16 / 2023-02-10

Жумадан жумагача

Буюк Британия ҳукумати раҳбари фаолиятининг “100 куни”ни эслаб ҳам ўтирмади. Бош вазир ҳали элга манзур ишларга улгурмагандир, деган хаёлга боради, киши. Экспертлар эса дастлабки уч ой, ростан, анча машаққатли кечди, дейишяпти.

Риши Сунакдан олдин ҳукуматни бошқарган Лиз Трасс бор-йўғи 49 кунда лавозимини тарк этгани билан халқ ёдида қолди. Унинг солиқ билан боғлиқ ташаббуси молия бозорида кескинлик келтириб чиқарди. Англия Марказий банки ҳам пенсия жамғармаси масаласига тўғридан-тўғри аралашиб, консерваторлар обрўсини тушириб юборди. Буларнинг бари партия ичида саросима пайдо қилиб, раҳбар тезда ўзгаришига олиб келди.

Борис Жонсон қайта ҳукумат бошига келишга уриниб кўрди, бироқ ҳаракати зое кетди. Натижада Сунак осонгина кўзлаган мақсадига эришди. У қисқа вақтда янги молия вазири Жереми Хантом билан вазиятни барқарорлаштириш ва бозорни тинчлантиришга мувафақ бўлди.

Консерваторларнинг 12 йиллик ҳукмронлиги ва бош вазирликдаги бошбошдоқлик (Жонсон-Трасс) сайловчиларнинг Сунакка нисбатан қайта норозилигини келтириб чиқарди. Сиёсатчи ва электорат ўртасида “асал ойи” ўхшамади.

Муаммо эса кун сайин пишиб бораверди.

Касаба уюшмалари ўтган аср 80-йилларидан бери илк бор ҳукуматга жиддий қарши чиқди: 1 февраль куни 450 минг ўқитувчи, тиббиёт ҳамшираси, темирйўлчи ва майда амалдорлар намойишга чиқди. Янги ҳукумат акциянинг олдини олишга ҳаракат қилиб кўрди. Ҳар бир тармоқ касаба уюшмаси билан алоҳида келишувга эришди. Барибир, бу даражадаги норозилик кутилмаган эди...

Мамлакатда миграция инқирози ҳалиям давом этмоқда. Бундан ташқари Ла-Манш орқали кириб келаётган ноқонуний муҳожирлар сони бўйича рекорд қайд этилди.

Париж Лондонга муҳожирот йўлини очиб қўйган. Европадан бошпана излаб келаётган осиёликларга Елисей саройи кўзини юмиб, уларни “Туманли альбион”га йўллаб турибди. Муаммо жиддий ҳолатини сақлаб қолмоқда.

Сунак ўзидан аввалги икки ҳукумат раҳбаридан фарқи ўлароқ, Украина зиддиятига кўпам қизиқиш билдирмади, бу борада ҳамма ишни Мудофаа вазирлигига топшириб қўйди. Албатта, Лондон Киев билан яқин алоқада, аммо Вазирлар Маҳкамаси раиси бундан “обрў ишлаб олиш”ни хаёлига ҳам келтирмаяпти.

Аксарият сайловчилар Сунак 2024 йил парламент сайовида ғалаба қозонишига ишонмайди. Консерваторлардан, айниқса, мамлакатнинг шимолий қисми юз ўгирмоқда.

Электорат 2019 йил Британиянинг ЕИдан чиқиши (Брексит)да консерваторларни қўллаган эди. Ҳозир, мутахассислар фикрича, лейбористларнинг обрўси ошиб боряпти.

Бунинг бир неча сабаби бор. Англия шимоли Брексит масаласида консерваторлар партияси етакчи Жонсоннинг харизмаси қўл келган эди, сайловда ҳам шу жиҳат муваффақият олиб келади, деб ҳисоблашади. Бугун эса Борис йўқ. Бугун мамлакатда мультимиллионер, ҳинд миллиардерининг куёви Риши Сунак бор.

Консерваторлардан омад юз ўгиришини, аввало, коронавирус балоси, қолаверса, ҳукуматнинг турғунлик режаси амалга ошмай қолгани билан боғлашяпти.

Мана шундай муаммолар гирдобида қолган Сунакнинг 100 кунлик бошқаруви эсланмади. Уни ёдга олиш учун камида бирор хайрли ишни кўз-кўз қилиш лозим эди, бундан эса дарак йўқ.

Сунак ва унинг Консерватив партияси рейтинги тобора пасайиб бормоқда. Агар пичоққа илинадиган бирор ибратли иш қилинмаса, навбатдаги ҳукумат раиси масаласи кун тартибига чиқади. Консерватив партиянинг эса ҳолига “вой”...

Исфахонда нима бўлган?

Журналист-востоковед Александр Трубин: Как Иран сохраняет стабильность  экономики вопреки санкциям - Российская газета

Ўтган ойнинг сўнгги куни Эрон Президенти Иброҳим Раисий халққа мурожаат билан чиқди. Буни нафақат мамлакатда, балки чет элларда ҳам алоҳида қизиқиш билан кутишган. Зеро, икки кун аввал Исфахон шаҳридаги ҳарбий мажмуа жиддий ҳужумга учраган эди...

Хориж матбуоти мазкур ҳодиса бўйича турли талқин, фаразларни илгари сурди. Аксарият экспертлар давлат раҳбари масалага ойдинлик киритади, деб ўйлашди. Украина Президенти маъмурияти раҳбари Михаил Подоляк ижтимоий тармоқ орқали “Эрон иншоотларининг нишонга олиниши тўғридан-тўғри Украинадаги воқеалар ва Теҳроннинг Россияга ёрдам бериши билан боғлиқ”, деди. Шунингдек, ҳарбий-саноат мажмуасига ҳужумда АҚШ, Исроил ва Эроннинг айрим қўшнилари, хусусан, Озарбайжон тилга олинди.

Шулар эътиборга олинса, Теҳрон Ғарбга уруш эълон қилади, дея тахмин қилиш мумкин эди. Бинобарин... бу орада бошқа муҳим масалалар ҳам юзага чиқди.

Аввалига Раисийнинг мурожаати маҳаллий матбуотда “фавқулодда” тарзда анонс қилинди ва кейинроқ тузатилди. Яъни, давлат раҳбарининг халққа саккизинчи мурожаати Ислом инқилоби кунига бағишланади, дейилди, “фавқулодда” калимаси ўзгартирилиб. “Теҳрон Исфахон воқеасини синчковлик билан ўрганишда давом этяпти. Тергов якунига етгач, ҳодисага алоқадор барча мамлакатларга тегишли жавоб берилади”, ифодаси ҳам қўлланди.

Шу тариқа Теҳрон бироз тин олишга қарор қилди, Раисий ҳам нутқида “жиддий нуқталар”ни эслаб ўтирмади, мамлакатдаги ички сиёсатга баҳо бериб, ташқи сиёсатнинг айрим жиҳатларигагина эътибор қаратди.

Ички сиёсий вазият ҳақида “камтарона” фикр юритилди: “озиқ-овқат нархини барқарорлаштириш зарурати”, “сўнгги беқарорликнинг бизнес ва миллий валютага таъсири”, “мамлакат доллардан фойдаланмаслик сиёсатини фаол олиб бориши кераклиги” сингари хавотирлар ирод қилинди.

Ўтган йил охирида давлат етакчиси маҳаллий телевидениега берган интервьюсида “Эроннинг душманлари бутун мамлакатда тартибсизликлар ташкил этмоқда”, дея кўпчиликка эътироз билдириб, “санкция Эроннинг иқтисодий тараққиётига таъсир қилолмади”, деган эди. Ўшанда у тўғридан-тўғри АҚШ ва бошқа Ғарб давлатларини “миш-миш ва нотўғри маълумот тарқатиш орқали” ҳукуматга қарши протест уюштирганликда айблаган.

Бу галги мурожаатда Раисий Ғарбни унутди, гўё. Экспертлар ўз манбаларига таяниб чиқарган хулосасига кўра, маъруза кўп бор қайта ишланган. Теҳрон вазиятни кескинлаштириш амалидан қочган.

Ўтган йил ёзда Вашингтон ва Теҳрон “Эрон ядро дастури бўйича янги шартнома тузишига бир неча қадам етмай қолганди, деб ёзди “Bloomberg” агентлиги. Тарихий кун яқин қолганда “ўйин”ни Исроил ҳукумати бошига Нетаньяху қайтиб келиши бузди...

Исфахон воқеаси арафасида АҚШ Қатар орқали Эронга воситачиларсиз Қўшма комплекс ҳаракат режаси (ҚКҲР) ядровий битимини тиклаш бўйича музокарани тиклаш таклифини берди.

Теҳрон Вашингтонга жавобида аввал ҚКҲРдан чиқиш натижасида етказилган зарарни тўлиқ қоплаш ва санкцияни бекор қилиши талабини ўртага қўйди.

Таҳлилчилар Эрон томонидан дилдаги ҳамма гап очиқланмаганини айтишди. АҚШ ҳам Исфахон воқеасидаги иштирокини рад этди. Пентагон Эронга нисбатан ҳеч қандай зарба бермагани ва амалиёт ўтказмаганини тасдиқлаб, расмий хабар тарқатди.

Демак, Исфахон масаласида тергов натижасини кутишга тўғри келади...

Яна “Шимолий оқим” ҳақида...

Уч кун аввал америкалик қаламкаш, журналистик суриштирув “устаси” Сеймур Херш ўтган йил сентябрь ойида юз берган Болтиқ денгизи тубидаги “Шимолий оқим” ва “Шимолий оқим-2” газ қувурлари портлашида Вашингтоннинг қўли бор, деган даъво билан чиқди. АҚШ Давлат департаменти публицистнинг бу баёнотини “ғирт бемаънилик”, деб атади. Балки, Вашингтондаги “акахоналар”нинг ғашига тегмаслик учундир, Ғарбдан бошқа садо чиқмади...

АҚШнинг нуфузли халқаро Пулитцер мукофоти журналистик суриштирув номинацияси совриндори Херш ўз обрўсига путур етказадиган “бемаъни” нарсалар ёзмаса керак, дейишди ҳамкасб экспертлар. Ҳатто, мақолада Кремль “тезислари” кўриниб турибди, деганлар ҳам топилди.

Мақола Оқ уйга қаратилгани маълум. Бошқа томондан “Шимолий оқим” бўйича тергов қандай кетаётгани тўғрисида ҳам гап йўқлиги аён.

Херш маълумотига кўра, 2021 йил декабрда Қўшма Штатлар раҳбарининг миллий хавфсизлик масаласи бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан махфий тезкор гуруҳ йиғилишида газ қувурини “йўқотиш” топшириғини берган (эмиш). Узоқ баҳс-мунозарадан кейин бу қўпорувчилик иши Флоридадаги Ҳарбий-денгиз флоти сув ости ва қутқарув маркази махсус ғаввос-бомбардимончилари гуруҳига топширилади. Улар норвегиялик ҳарбий денгизчилар билан ҳаракатга тушишади.

Ғаввослар 48 соатдан кейин жуда чуқур бўлмаган газ қувури остига портлайдиган модда жойлаштиришади. Кейинроқ топшириқ ўзгаради: мослама масофадан бошқариладиган ускунага алмаштирилади.

Диверсия или авария? Главный газопровод из России в Европу ...

Газ қувури портлатилди, бу ишга гувоҳлик беришдан ҳамма қочаётгани ҳам бор гап. Таҳлилчилар Хершнинг амалий ҳаракатини “WikiLeaks” асосчиси Жулиан Ассанж ёки АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги собиқ ходими Эдвард Сноуденга менгзашди...

Хершнинг мақоласи махсус хизматлар урушини бошлаб бергандек, дейишди бошқа экспертлар. Тортишув, рад этиш, ўзини оқлаш кўринишидаги сиёсат узоқ давом этадиганга ўхшайди. Аслида, бу оддий криминал иш. Терговчи жиноятнинг сабаби, техник имконияти, агар мавжуд бўлса, алоқадор далилларни қидириб топади ва юзага чиқаради.

Херш бор ҳақиқатни ҳали айтгани йўқ, бор-йўғи бир манбани ошкор этди. Тадқиқотчи мазкур қўпорувчилик иши бўйича давлат етакчиси маслаҳатчиси Салливан ва Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бернс номини келтирди, холос. Қизиғи, Мудофаа вазирлиги ҳақида гап-сўз йўқ.

“Херш кимнинг манфаатига хизмат қилаяпти?”, деган кинояли саволлар ҳам кўтариляпти. Агар бошқа мақолалари таҳлил қилинса, у фақат шов-шувли чиқишлари билан танилгани маълум бўлади. Ушбу журналистнинг илк жиддий мақоласи 1968 йил, америкалик аскарларнинг Вьетнам уруши даврида Сонгми қишлоғида уюштирган маҳаллий халқ қирғинига бағишланган эди. Айнан шу иш орадан икки йил ўтиб Пулитцер мукофотига сазовор бўлган.

Кейин Херш Америкадаги 1972-1974 йиллар воқеалари, сўнгра Президент Ричард Никсоннинг истеъфога чиқиши сабабини матбуотга олиб чиққан. У Боғдоддаги Абу-Грейб қамоқхонаси маҳбусларининг қийноққа солинишига оид мақоласи билан ҳам шов-шув кўтарган. 

Ҳозирча шу...

Келаси жумада хабарлашгунча!

Аброр Ғуломов, ЎзА сиёсий шарҳловчиси