Сумо спорт тури бўйича мамлакатимизда илк бор ўтказилган ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида 200 нафардан зиёд спортчилар ўз вазн тоифасида ғолиблик учун кураш олиб борди.
Чемпионатнинг ўсмир йигитлар ўртасидаги мусобақалари -70, 77, 85, 100, 115 ва +115 килограмм вазнда, хотин-қиз спортчилар -55, 60, 65, 73, 80 ва +80 кг. дан юқори вазнда, ёш ўғил болалар 60, 70, 80, 100 ва +100 кг. дан юқори вазнда ҳамда ёш қизлар: 50, 55, 60, 75 ва +75 кг. дан юқори бўлган вазн тоифаларида мамлакат чемпионлиги учун кураш олиб борди.
Шиддатли кечган чемпионат сарҳисобига кўра, Азизбек Жумаев, Шаҳобиддин Добилов, Абдуллох Шермуродов, Асилбек Бобораҳимов, Қувонч Бердиназаров, Зиёда Қурбонова, Лазиза Суннатуллаева, Маржона Мўминжонова, Сумбула Абдиева, Адҳам Абдураимов каби спортчилар ўз вазн ва ёш тоифасида сумо бўйича Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди.

– Мамлакатимизда очиқлик сиёсатининг юритилиши натижасида сумо спорт турини ривожлантириш истиқболлари яратилди. Японларнинг миллий спорти бўлган сумо бўйича ўтган илк Ўзбекистон чемпионати ҳар жиҳатдан юқори савияда ташкил этилди. Ғолиблик ва совриндорликка эришган спортчилар миллий терма жамоага жалб этилади. Ўтган йили юртимиз сумочилари Япония, Россия, Хитой каби ўнлаб мамлакатларда ўтган халқаро мусобақаларда 4 та олтин, 6 та кумуш ва 14 та бронза медалини қўлга киритган бўлса, бу йилги кўрсаткичларимиз янада сермаҳсул бўлиши йўлида ҳаракат қиляпмиз, - дейди Ўзбекистон сумо федерацияси раиси Камол Усмонов.
Мусобақалар якунида ғолиб ва совриндорлар медаль, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Т.Рўзиев, ЎзА