Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Султон Раевнинг “Танланган асарлар” китоби ўзбек тилида нашр этилди
14:47 / 2024-08-22

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти бош котиби, Қирғизистон халқ ёзувчиси, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзоси Султон Раевнинг “Танланган асарлар” китоби тақдимоти ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу адабий тақдимот тадбирида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, ёзувчи ва шоирлар, китобхонлар, туркий давлатлар ижодкорлари иштирок этди.   

Иштирокчилар дастлаб Султон Раевнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган фотокўргазма билан танишди.   

Тақдимот аввалида давлат ва жамоат арбоби, дипломат, моҳир ижодкор Султон Раев ҳаёти, серқирра фаолияти, адибнинг Ўзбекистоннинг туркий давлатлар билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги улкан хизматларига бағишланган фильм намойиш этилди.   

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо модераторлик қилган ушбу йиғилишда Султон Раевнинг жўшқин ва иборатли фаолияти хусусида батафсил сўз юритилди.  

– Мамлакатимизда кейинги йилларда “Адабий дўстлик – абадий дўстлик” деган ғоя юксак мақомга кўтарилди, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид. –  Кейинги йилларда Низомий Ганжавий, Махтумқули Фироғий, Чингиз Айтматов ва бошқа кўплаб туркий халқлар ижодкорларининг асарларини тарғиб этиш, уларнинг таваллуд саналарини нишонлашга катта аҳамият қаратилмоқда. Туркий давлатларнинг ёзувчилар уюшмаси тузилмалари билан кенг кўламли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Қардош халқларнинг адиб ва шоирлари адабий тадбирлар, форумларда, анжуманларда фаол қатнашмоқда.  Шу билан бирга, дунё миқёсида танилган адиб, Қирғизистон халқ ёзувчиси, ТУРКСОЙ ташкилотининг бош котиби Султон Раев иштирокида кўплаб адабий лойиҳалар муваффақиятли ўтказилмоқда. Айни пайтда Туркия, Венгрия, Қозоғистон, Озарбайжон каби давлатларда ўзбек адабиётининг тарғиботи юксак савияда олиб борилмоқда. Бу борадаги эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшиб келаётган Султон Раев чин маънода ўзбек халқининг ҳам ёзувчиси саналади. Унинг ўзбек тилида чоп этилган “Танланган асарлар” китоби адабиётимиз хазинасидан мустаҳкам ўрин олади.   

–Ҳар бир яхши китобнинг юзага келиши адабиёт учун чинакам байрамдир, – деди Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, атоқли адиб Хайриддин Султонов. – Султон Раев наинки қирғиз эли ёки туркий дунёнинг адиби, балки глобал дунёнинг глобал адибидир. Ижодкорнинг башарият билан ҳамқадам бўлиши ҳеч қачон осон кечмаган. Бу борада ижодкор зиёлилардан катта масъулият, маҳорат, имон-диёнат талаб этилади. Султон Раевнинг баркамол ижод намуналари равонлиги, фалсафий ғояларининг кенг ва теранлиги, ранг-баранглиги, талқиннинг бетакрорлиги, руҳий таҳлилнинг ҳаққонийлиги билан аҳамиятли. Чингиз Айтматов “Одамзотни инсонийлик мақомига қайтариш бугун ғоят муҳим” деган эди. Султон Раев инсонийлик, ор-номус, одоб, эзгуликни қатъият билан ҳимоя қилиб келаётган адибдир. Кейинги йилларда қардош халқлар ўртасидаги дўстлик алоқалари янгича тараққиёт босқичига кирди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувида туркий халқларни янада жипслаштириш, минтақамизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасида янги ташаббусларни илгари сургани бу борада янги истиқболларни белгилаб беради. Ибратли ижодий фаолияти билан тинчлик ва ҳамжиҳатликка муносиб ҳисса қўшиб келаётган атоқли адиб Султон Раевга омонлик, янги ижодий муваффақиятлар тилаймиз.   

– Дарҳақиқат, туркий халқлар доим бир-бирига интилиб келган, – деди Турк дунёси ёзарлар бирлиги раиси Улуғбек Эшдавлат. – Бугунги эзгу саъй-ҳаракатлар турк дунёсининг улкан даври бошланаётганини англатади. Ўзбекистонда “Туркий адабиёт дурдоналари” юз жилдли тўпламнинг нашр этилиши адабий ҳамкорлигимизда ғоят улкан ва эзгу воқелик бўлди. Бугун атоқли адиб Султон Раевнинг “Танланган асарлар” китоби ўзбек тилида нашр этилиши ҳамкорлик тараққиётида ўзига хос аҳамият касб этиши шубҳасиз.     

Султон Раевнинг “Танланган асарлар” китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида чоп қилинган бўлиб, унга адибнинг “Тўфон” романи, “Қуёш тутилган кунда” номли қиссаси, бешта саҳна асари, ўнга яқин ҳикоялари киритилган. Асарларни қирғиз тилидан Аҳмаджон Мелибоев, Зуҳриддин Исомиддинов, Жаббор Эшонқул, Авлиёхон Эшон, Дилфуза Қаршибоева, Ҳилола Абдусаломова, Эркин Бойназаров, Абдуғани Абдуғафуров каби адиб ва таржимонлар она тилимизга ўгирган.   

Султон Раевнинг асарлари “Жаҳон адабиёти”, “Ёшлик” ва “Шарқ юлдузи”, “Ҳуррият” каби қатор газета-журналларда эълон қилинган. 2021 йил ўзбек тилида нашр этилган “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлик мажмуасига унинг бир туркум ҳикоялари киритилган.   

Султон Раев 1958 йилда Қирғизистоннинг Ўш вилоятидаги Жўш туманида туғилган. Қирғизистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган. Қатор йиллар “Қирғизистон маданияти”, “Асаба”, “Қирғиз руҳи” газеталарида меҳнат қилган. 1994-2002 йилларда АҚШнинг Канзас университети журналистика ва оммавий коммуникациялар факультетида тадқиқотчи сифатида илмий фаолият олиб борган.   

Султон Раевнинг “Қуёшни тутган бола” (1990), “Чанг йўл” (1987), “Қуёшни овлаб” (1991), “Маликанинг кўз ёшлари” (2008) каби ўнлаб китоблари нашр этилган.   

“Жазо” романи адибга дунё миқёсида шуҳрат келтирган. Мазкур асар 2015 йил Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида рус тилида нашр этилиб, бир қанча халқаро ижодий ташкилотларнинг мукофотига сазовор бўлган, Марказий Осиё ПЕН-клуби томонидан “Йилнинг энг яхши романи” дея эътироф этилган.   

Таниқли ёзувчи Корея Республикасининг “Дениэл”, Россиянинг Ломоносов, Туркиянинг Отатурк халқаро мукофотлари, Халқаро маданият ва санъат академиясининг ордени ва бошқа бир қатор мукофотлар билан тақдирланган. У 2006 йилда Тўқтағул номидаги Қирғизистон давлат мукофоти, 2011 йилда “Қирғизистон халқ ёзувчиси” фахрий унвонига сазовор бўлган.  

Султон Раев асарлари асосида Қирғизистон ва қўшни мамлакатлар театрларида саҳналаштирилган “Эҳ, қизлар”, “Маликанинг кўз ёшлари”, “Дубал”, “Аёл”, “Таяммум”, “Исҳоқ Раззоқов”, “Барсбек” драмалари томошабин ва мутахассислар томонидан юқори баҳоланган.     

У қирғиз киноижодкорлари томонидан суратга олинган “Икковлон”, “Қурбонжон додхоҳ”, “Шаҳар” бадиий фильмларининг сценарий муаллифидир.   

Адибнинг асарлари шунингдек, инглиз, турк, рус, хитой, украин, қозоқ, озарбайжон тилларига таржима қилинган.   

Султон Раев Қирғиз Республикасида Таълим ва маданият вазири ўринбосари, Маданият ва санъатни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди президенти, Маданият вазири, Президент маслаҳатчиси, Маданият, ахборот ва туризм вазири каби масъул лавозимларда самарали меҳнат қилган.   

2021-2022 йилларда Туркий давлатлар кенгаши Бош котибининг ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган бўлса, 2022 йилда ТУРКСОЙ бош котиби этиб сайланди. Шундан буён у туркий тилли давлатлар маданиятини ривожлантириш ва уларни жаҳон миқёсида танитиш борасида ўнлаб лойиҳаларни амалга оширишда бош-қош бўлмоқда.   

Кейинги йилларда унинг ташаббуси билан Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Озарбайжон давлатларида ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини ўрганишга бағишланган бир қатор халқаро тадбирлар ўтказилди. 2023 йил Навоий вилоятида ТУРКСОЙ билан ҳамкорликда “Мумтоз шеърият” халқаро адабий анжумани, 2024 йилда Бухорода туркий тилли давлатлар ёш ижодкорлари форумини юқори савияда ўтказишда унинг муносиб хизматлари бор.   

[gallery-18837]

– Қирғиз юртида ўзбеклар орасида улғайганман, – деди ТУРКСОЙ ташкилоти бош котиби, атоқли адиб, Қирғизистон халқ ёзувчиси Султон Раев. – Ўзбек тили менга она сути билан кирган тилдир. Бугун Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан оламшумул ўзгаришлар юз бермоқда. Ўзбекистон эришаётган ютуқлар бу мамлакатда кечаётган улкан янгиланиш жараёнларининг амалий натижаси. Ўзбекистон дунёнинг  ривожланган давлатлари билан бўйлашмоқда. Буюк Соҳибқирон Амир Темур даврида бу диёр қанчалик шон-шавкатга бурканган бўлса, ҳозир ҳам Ўзбекистон шунчалик юксакка интилмоқда. Буларнинг замирида Президент Шавкат Мирзиёевнинг адабиёт, маънавият, маърифатга бўлган эътибори турибди. Бугун мен учун қувонарли кун. Китобим Алишер Навоий тилида чоп этилди. Камтарона меҳнатларимнинг юксак эътирофи учун чин қалбимдан миннатдорлик билдираман.   

Тақдимот сўнгида таниқли адиб адабиёт ихлосмандларига дастхат қўйилган китобларини ҳадя қилди. Адабий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётган бир гуруҳ адабиёт фидойилари тақдирланди.   

Назокат Усмонова,

Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА мухбирлари