Китоб жавонингизга
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ҳамкорлигида “Ўзбекистон нашриёти” давлат муассасаси томонидан 2025 йилда “Буюклар болалиги” ижтимоий лойиҳаси асосида “Буюклар ҳаёти — ёшларга ибрат” шиори остида 13 номдаги китоб нашр этилди.
Улар шонли тарихимизни ўз ибратли ҳаёти билан безаган Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро, Беруний, Ибн Сино, Паҳлавон Маҳмуд, Бибихоним, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Авлоний каби алломалар ҳақида ҳикоя қилади.
Шулардан бири – мактабгача ва мактаб ёшидаги болалар учун мўлжалланган “Султон Жалолиддин. Шайх Кубро” тарихий достони болалар шоири Нуруллоҳ Остон қаламига мансуб бўлиб, енгил ўқилиши ва болалар томонидан қийналмасдан идрок қилиниши жиҳатидан аҳамиятлидир.

Шоир асарда мураккаб сўзларни деярли ишлатмайди ҳамда ўзига хос ташбеҳлар қўллаш орқали жўнликдан қочади. Равонлик ва соддалик, халқ оғзаки ижодига, сўзлашув тилига яқинлиги асарнинг бадииятини янада оширган. Асар композицияси яхлитлиги, ундаги мавзуларнинг тизимлилиги, изчиллиги ҳамда бир-бирига боғлиқлиги, уйғунлиги ўқувчини зериктирмайди.
Муаллиф ўша давр тарихий воқелигини чуқур ўргангани, бунинг учун ўша даврда турли тарихчи ва ижодкорлар томонидан ёзилган манбаларга мурожаат қилгани асарда яққол сезилади.
Маълумки, сўнгги йилларда юртимизда болалар адабиётига эътибор кучайди. Хусусан, нашриётларда энг кичик ёшдан то балоғат ёшидаги ўсмирлар учун турли йўналиш ва жанрлардаги адабий-бадиий, илмий-маърифий, ўқув-методик ҳамда энциклопедик китоблар, луғат ва маълумотномалар ассортименти йилдан-йилга бойиб бормоқда.
Ўн йиллар илгари болалар адабиёти дейилганда, фақат эртак ва топишмоқлардан иборат такрор ва такрор нашр этиладиган мўъжаз тўпламлар тушунилган бўлса, бугунга келиб юртимиз китоб бозорида мутлақо бошқача ҳолат кузатилмоқда. Мисол учун, янгидан ташкил этилганининг 5 йиллигини нишонлаган “Ўзбекистон” нашриётида ҳар йили 150–200 номдаги, жами 75 минг – 1 миллион нусхадан ортиқ турли йўналишдаги китоблар нашр этиб келинади.
2024–2025 йиллар мобайнида мазкур ижодий жамоада “Китобхон болалар” рукнида 70 дан ортиқ, “Буюклар болалиги” рукнида эса 20 номдаги янги китоблар нашрга тайёрланди. Нашр режасидан ўрин олган китоблар орасида нафақат ўзбек тилида ижод қиладиган ёзувчилар, балки юртимизда истиқомат этаётган рус ҳамда қорақалпоқ тилларида ижод қилувчи ижодкорларнинг болалар учун яратилган энг сара асарлари ҳам ўрин олган.
Бу лойиҳа келгуси йилларда ҳам мунтазам давом эттириб борилади. Шулардан 60 000 нусха китоб икки ой ичида сотилиб, ёш китобхонларнинг кўнгил мулкига айланди.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур китоблар матбаачиликнинг энг замонавий сифат даражасида, халқаро стандартларга мувофиқ равишда чоп этилди. Шунингдек, гўзал дизайнга эга, бири-биридан чиройли иллюстрациялар билан зийнатланган китоблар харидорбоп, арзон нархларда савдога чиқарилди.
Бевосита шоир ва публицист Нуруллоҳ Остон ижодига қайтадиган бўлсак, қаламкаш ижодининг асосий йўналиши мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларга қаратилган бўлиб, шеърларида кичкинтойларнинг соф туйғулари, беғубор хатти-ҳаракатлари, ота-оналарига, дўстларига муносабати пишиқ-ихчам сатрларда очиб берилади. Кузатувчан шоир болалар дунёсига хос хусусиятларни ёрқин тасвирларда беради, ранг-баранг шеърлар содда ва равон тилда ёзилгани боис ўқувчини ўзига жалб этади.
Шу маънода мактаб ёшидаги болалар учун яратилган “Султон Жалолиддин. Шайх Кубро” тарихий достони композицияси яхлитлиги, ундаги мавзуларнинг тизимлилиги, изчиллиги ҳамда бир-бирига боғлиқлиги билан ажралиб туради.
Достонда XIII аср бошларида Чингизхон бошлиқ мўғул қўшинларининг Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳукмронлик қилаётган салтанатга бостириб кириши, Хоразмшоҳнинг фарзанди, тахт вориси султон Жалолиддин Мангубердининг душманга қарши мардонавор ва жасорат билан кураш олиб боргани, ёв қўшинлари салтанат пойтахти бўлган Урганч шаҳрига бостириб кирганида валийлар валийси, 76 ёшли шайх Нажмиддин Кубронинг 360 муриди билан уларга қарши қилич кўтариб жанг қилганлари қаламга олинган.
Шунингдек, шайх Нажмиддин Кубронинг кароматлари ва жангдаги жасоратларини тасвирлаган Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ва бошқа алломаларнинг асарларидан иқтибослар келтирилган.
Достон поёнида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 29 августда Урганчда 25 метрлик ҳайкали ўрнатилган султон Жалолиддин Мангуберди ёдгорлиги мажмуаси очилиши муносабати билан Ватан, миллат озодлиги учун курашган буюк саркарда ҳамда Нажмиддин Кубродек аллома аждодларимиз руҳига ҳурмат бажо келтиргани, Ватан мустақиллигини мустаҳкамлашга чорловлари келтирилади.
Ушбу достон Хоразм заминидан етишиб чиққан, ўтган йили халқаро миқёсда нишонланган султон Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 825 йиллиги, Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги ҳамда шайх Нажмиддин Кубро таваллудининг 880 йиллигига бағишланади. Асар мактаб ўқувчилари ҳамда катта ёшдаги китобхонларга ҳам манзур бўлиши шубҳасиз.
Айтиш керакки, таниқли болалар шоири Нуруллоҳ Остон кўп йиллардан буён мактабгача таълим ва мактаб ёшидаги ўқувчилар учун ижод қилади. Кўплаб шеърлари ўқув қўлланмалари ва мактаб дарсликлари саҳифаларидан ўрин олган.
Ўтган йиллар мобайнида Нуруллоҳ Остоннинг болалар учун «Юлдузлар чақнаган тун», «Йўлдаги булоқ», «Юрагимнинг безовта гули», «Баҳор рақси», «Қадим йўлларда», «Осмон тўла фаришта», «Фасли кўклам», «Тонгга пешвоз чиқайлик», «Қўрқмас улоқча», “Ҳурватан” , “Чучмомага хат”, “Соғлом болалар”, “Ой чўмилар чайлада”, “Султон Жалолиддин. Шайх Кубро” ва бошқа кўплаб асарлари китоб ҳолида нашр этилган.
Шоир ижодида сўз танлаш ва уларни маҳорат билан болаларга етказишга интилиш анъанаси бор. Бу, аввало, катта авлод болалар шоирларидан олган сабоқлари натижасидир. Қолаверса, жаҳон болалар шоирлари ижодини ўзбек тилига ўгириб, тажриба орттирган шоир болалар шеъриятига қўйиладиган талабларни яхши англайди. У бадиий образлар ва таъсирчан сўзларни саралаб тақдим этар экан, том маънода тарбиячи ва мураббий вазифасини бажаради. Ижодкор болалар кўп нарсани англашига ва ҳис қилиш қобилиятига эга эканини тушунади, шунинг учун шоирнинг шеърларида ана шу жиҳатлар бўртиб кўзга ташланади.
Нуруллоҳ Остон 1982 – 2002 йилларда Ўзтелерадиокомпанияда (ҳозирги Ўзбекистон МТРК) мухбир, катта муҳаррир вазифаларида хизмат қилган. 2003-2008 йилларда Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг «Самарқанд» газетасида бош муҳаррир, 2014-2021 йилларда “Ўзбекистон овози” газетасида Маданият ва маънавият бўлими мудири бўлиб ишлади. Ҳозирги пайтда «Халқ сўзи» газетаси Маданият ва маънавият бўлимида фаолият кўрсатмоқда.
Н.Усмонова,
ЎзА