Орамиздаги замондошларимиз
Ҳар бир даврда фарзандлар ота-онанинг касбини давом эттириб, унинг давомчисига айланса, унга ҳавас билан қаралган.

Учқудуқлик 33 ёшли Темур Чўлиев ҳам ота касби давомчиларидан бири, ҳайдовчилик касбини танлаб кам бўлмади. Бугун у фаолият олиб бораётган Шимолий кон бошқармаси 1-автокорхонасида ўз ўрни ва обрў-эътиборга эга ҳайдовчилардан бири.
Унинг отаси Нурулло Чўлиев ҳам айнан шу корхонада 41 йил ҳайдовчилик қилиб, бугун нафақа гаштини сурмоқда. Темур эса Шимолий кон бошқармасида ҳайдовчилар сулоласини давом эттираётган авлод. Унинг дадаси қатори амакилари Абдулла, Ғайрат акалар ҳам шу жамоада узоқ йиллар меҳнат қилган.
Учқудуқ туманидаги 7-мактабда ўқиган Темур болалигида отаси ҳайдайдиган улкан юк машинасини ҳар кўрганида, кабинасига ўтирганида унга ҳавас қиларди. Ҳавас эса мақсадга айланди. Ота ҳам ўғлининг қароридан фахрланди, уни қўллаб-қувватлади ва оқ фотиҳа берди.

Касб сирларини мукаммал эгаллаш мақсадида Бухоро автомобиль ва йўллари касб-ҳунар коллежида ўқиб, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш бўйича мутахассисга айланган Темур ота касб – ҳайдовчиликни танлади. Орадан ўтган 13 йилнинг бирор йили йўқки, эгаллаган мутахассислиги унга қўл келмаган бўлса. У ўзи ҳайдайдиган автомобилни ҳа деганда устахонага олиб кирмайди. Ўзи техник кўрикдан ўтказади, таъмирлашга ҳаракат қилади.
– Биринчи устозим отам бўладилар, – дейди қаҳрамонимиз. – Ҳозир нафақада бўлсалар-да, ҳар куни эрталаб ишга кетаётганимда йўл қоидаларига қатъий риоя қилишимни тайинлайдилар. Отам узоқ йиллар республикамизнинг турли бурчакларидан корхонага товар моддий бойликларини ташиганлар. Мен бошқараётган енгил машина эса карьер учун хизмат қилади. Транспорт воситаси қаерда юрмасин барибир қоидаларга риоя қилиши шарт. Мен машинам билан юрадиган карьер йўлларида “Гаи ходимлари” йўқ. Аммо ўзимизнинг хавфсизлигимиз учун тезликни белгиланган меъёрда – 40-60дан оширмаймиз. Ҳайдовчилик ким учундир пул топиш манбаи бўлиши мумкин. Бироқ бу касб мени улғайтирган. Шу билан орзуларимга эришяпман. Оилада ёлғиз ўғил бўлганим учун отамнинг касбини эгалладим. Балки мендан олдин ёки кейинги ўғиллар бўлганда ҳам шу касбни танларди, менимча.
Бугунги кунда Шимолий кон бошқармаси таркибидаги 1-автокорхонада 500 нафардан ортиқ турли русумдаги автомобилларни бошқарадиган ҳайдовчилар меҳнат қилади. Уларнинг кўпчилиги Темурнинг отаси, амакилари Чўлиевлар билан бирга ишлаган ёки уларга шогирд тушган ҳайдовчилар. Улар сулола вакилларининг ўз касбининг билимдони эканлигини, ҳалол ва пешона тери билан оила тебратганини яхши билади. Темур ҳам ўз меҳнати билан улардан ортда қолмасликка, улар каби ҳалол меҳнат қилишга ҳаракат қилади.
Албатта, ота дуосини олган фарзанд кам бўлмайди. Темур Чўлиев ҳам ота изидан бориб, ишхонаси ва маҳалласида обрў-эътиборга сазовор бўлганлардан бири.
А.Бўриев, ЎзА