English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суғуртага одамларнинг ишончи нега юқори эмас?
16:39 / 2020-11-13

Дунёнинг барча давлатларида суғурта фаолияти давлат томонидан қаттиқ назорат қилинади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг видеоконференция тарзида ўтказилган йиғилишида Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган янги таҳрирдаги «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Ушбу қонун лойиҳаси суғурта фаолиятини тартибга солиш, соҳага илғор халқаро тажрибаларни жорий қилиш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилган. Шунингдек, суғурта турларини кўпайтириш, барқарорлиги таъминлаш билан мутаносиб равишда аҳолининг суғурта маданиятни оширишни ҳам назарда тутади.

Йиғилишда таъкидланганидек, давлат суғурта компанияларининг устав капитали ва активлари хусусийга қараганда бир неча баробар юқори. Чунки давлат суғурта ташкилотларига бўлган ишонч ҳамон юқорилигича қолмоқда. Мисол учун, ўтган йили берилган мукофот ҳажми йиғиб олинган суғуртанинг 29,7 фоизини ташкил қилган.  

Хусусий суғурта ташкилотларники эса анчайин паст. Умуман, ўтган олти йил давомида тўланган жами суғурта қопламалари жами тушимнинг атиги 15,5 фоизни ташкил қилган. Бу кўрсаткич Россияда 53,7 фоиз, АҚШ, Япония ва Европа мамлакатларида эса 70-90 фоизни ташкил этади.

Мутахассисларнинг эътироф этишича, мамлакатимизда суғурта тўловларининг камлиги учта асосий сабаб билан асослантирилади. Биринчидан, компаниялар ўртасида рақобат муҳити йўқ. Иккинчидан, тарифлар ҳамон юқори. Учинчидан эса, кўрилган зарарни қоплаб бермаслик ҳолати ҳамон юқорилигича қолмоқда. Зарарни қопламасликнинг сабаби, ҳар бир суғурта ташкилоти шартномани ўзига мослаштириб тузиб олади ва мижозларнинг манфаатлари иккинчи даражали бўлиб қолган.

Дунёнинг барча давлатларида суғурта фаолияти давлат томонидан қаттиқ назорат қилинади. Яъни, суғурта фаолияти назорати қонунийлик, ошкоралик, ташкилий бирлик тамойиллари асосида олиб борилади. Шунингдек, суғуртанинг аҳолига фойдаси ва бу фаолият билан шуғулланаётган компаниялар иқтисодиётни ҳаракатлантирувчи муҳим кучлардан бири экани инобатга олиниб, давлат суғурта бизнеси ривожини рағбатлантиришни ўз зиммасига олган.

Мамлакатимизда суғурта фаолияти таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, қонунчилик билан тартибга солинадиган меъёрий база, унинг услубий воситалари бугунги кунда суғурта бозоридаги сифат ўзгариши талабларидан ортда қолмоқда. Суғурта жамиятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига бозор иқтисоди шаклланган мамлакатларида кузатиладиган даражада таъсир кўрсатмаяпти. Бунинг сабаби, республикамизда суғурта фаолияти ривожига тўсиқ бўлувчи омиллар таъсири ҳамон юқори ҳамда бу соҳада назорат функцияси такомиллашмаган, яъни услубий вазифаларни бажарувчи назорат шаклланмаган.

Суғурта хизматларининг маълум сегментига боғланиб қолгани, ҳаётни суғурта қилиш ва аҳолининг кенг қатламларини қамраб олувчи йўналишларнинг ривожланмагани, менежментнинг пастлиги, рақобатнинг йўқлиги ҳам суғурта бозори ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунингдек, аҳолининг суғурта хизматлари бўлган ишончи жуда паст, суғурта маданияти шаклланмаган.

Экспертларнинг баҳолашича, мамлакатимизда бугунги кунда эҳтимолий суғурта объектларининг атиги 1 фоиздан ками суғурта қилинади, холос. Ривожланган давлатларда эса бу кўрсаткич 90-95 фоизни ташкил қилади. Бундан ташқари, суғурталовчилар таклиф қилаётган хизматлар тури 50 хил атрофида ва бу хорижникидан бир неча баробарга кам. Бундан кўриниб турибдики, мамлакат иқтисодиётида суғурта бозори салмоқли ўринни эгалламаяпти. Саноати ривожланган давлатларда суғуртанинг Ялпи ички маҳсулотдаги улуши 8-10 фоизни ташкил қилади. Россияда бу кўрсаткич 3 фоиз бўлса, Ўзбекистонда 0,4 фоиздан ҳам ошмайди.

Давра суҳбати якунида тадбир иштирокчилари томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар инобатга олиниб, қонун лойиҳасини халқ вакиллари томонидан концептуал жиҳатдан кўриб чиқиш учун кейинги ялпи мажлисга киритиш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.

Жаҳонгир АБДУРАСУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси