Рақобат қўмитаси томонидан суғурта хизматлари бўйича тушган қарийб 1 мингта мурожаат ўрганилиб, натижада истеъмолчилар фойдасига 2,8 миллиард сўм маблағ ундириб берилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мурожаатларнинг 50 фоиздан ортиғи автосуғурта, яъни транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш билан боғлиқ. Аксар ҳолларда йўл-транспорт ҳодисасида жабрланган фуқароларга тегишли товон пули суғурта компаниялари томонидан рад этилган, тўлиқ тўлаб берилмаган ёки асоссиз равишда кечиктирилган.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 23 июлда қабул қилинган қарорига мувофиқ, автосуғурта соҳасига янги талаблар жорий этилди ва улар 2026 йил 1 январдан кучга кирди. Ҳозирда суғурта компаниялари ана шу янги қоидалар асосида шартномалар тузмоқда.
Бироқ текширувлар давомида бир қатор жиддий камчиликлар аниқланди. Жумладан, электрон полислар янги қоидаларга мослаштирилмаган. Айрим шартномалар давлат тилида тақдим этилмаган. Суғурта компанияларининг мажбуриятлари (тўлов муддати, пеня, истиснолар) аниқ ёзилмаган. Баъзи сайтларда маълумотлар янгиланмаган ёки умуман мавжуд эмас. Қолаверса, фуқарога онлайн полис олишдан олдин шартлар билан танишиш имкони берилмаган.
Мутахассисларнинг таъкидлашларича, суғурта хизматлари ҳақида тўлиқ ва тушунарли ахборот берилмаслиги фуқаролар билан компаниялар ўртасидаги низоларга сабаб бўлмоқда.
Шу муносабат билан, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ваколатли орган томонидан барча суғурта ташкилотларига тегишли кўрсатмалар берилди.
Бу эса суғурта соҳасида фуқаролар манфаати устувор бўлишини таъминлаш, адолатни қарор топтириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Нигора Раҳмонова, ЎзА