Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суғурта тизимида инсон манфаатлари ҳимояси такомиллашмоқда (+видео)
17:11 / 2025-07-30

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 23 июлда қабул қилган 458-сонли қарори билан транспорт воситалари эгалари учун мажбурий суғурта суммаси 40 миллион сўмдан 80 миллион сўмгача оширилгани кенг жамоатчиликнинг муҳокамаларига сабаб бўлди. Хусусан, бу борада 2024 йил 1 мартдаги Президентимизнинг

“Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, ушбу ҳужжат билан мамлакатимиз суғурта бозорини кенг ислоҳ қилиш бўйича бир қатор кечиктириб бўлмайдиган чора –тадбирлар тасдиқланган эди. 

Бу эса юртимиздаги энг оммавий суғурта турларидан бири ҳисобланмиш, мажбурий суғуртанинг локомотиви бўлган транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғуртаси (ОСАГО) бўйича соҳа мутахассислари ва ҳайдовчилар томонидан кутилган ўзгартиришлар киритилишига сабаб бўлди. 

Бугунги кунда ҳалқимизнинг турмуш тарзи, даромадларининг ўсиб бораётганлиги сабабли ҳар бир хонадонда автоулов воситалари бор дея оламиз. Йўлдаги автоуловларнинг катта оқими ҳам сўзимизнинг исботидир. Шу билан бирга бу ҳолатда йўл транспорт ҳодисасига учраш эҳтимоли ҳам ортиб боради. Айнан шундайин кутилмаган ҳолатларда учинчи шахсларнинг (жабрланувчи) ҳимоясини таъминлаши ўта муҳим ҳисобланади. 

Шу кунга қадар суғурта ҳодисаси учун тўлаб бериладиган тўловлар суммаси 40 млн сўмни ташкил этиб, суғурта пулининг 35 фоизи, яъни 14 млн сўми жабрланувчи мол-мулкига, қолган 65 фоизи яъни 26 млн сўми жабрланувчининг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплаш учун йўналтирилган. 

Очиқчасига айтадиган бўлсак, тўловлар суммаси юртимиздаги иқтисодий ўсишдан анча ортда қолган эди ва суғурта ҳодисаси юз берганда суғурта компанияси томонидан максимал тўлов амалга оширилган тақдирда ҳам бу маблағ зарарланган мол-мулк учун етарли эмас эди. Агар жабрланувчилар икки ёки ундан ҳам кўп бўлганда эса 14 млн сўм пропорционал равишда тақсимланиб, тўлов суммаси янада камаярди. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, амалдаги 40 млн сўм (3.1минг доллар) Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатларига нисбатан энг паст кўрсаткичлардан ҳисобланади.

Юқоридаги холатлар ва сабабларни инобатга олган ҳолда 2026 йилнинг 1 январидан бошлаб транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта суммасини 80 млн сўмгача (амалда 40 млн сўм) оширилиши белгиланди, бу эса ўз навбатида ЙТҲ натижасида жабрланган шахсларнинг мол-мулкига, ҳаётига ва соғлиғига етказилган зарар миқдорини қоплаш учун йўналтириладиган маблағнинг бугунги кун талабига мос равишда бўлишига хизмат қилади.

- Нархларнинг ошиб бораётганини ҳисобга олсак, бугунги кунда 40 миллион сўмлик суғурта лимити (умумий компенсация суммасининг 35%) 14 миллион сўм — мол-мулкка етказилган зарар, 26 миллион сўм — ҳаёт ва соғлиққа етказилган зарар етарли бўлмаяпти, -дейди Тошкент давлат иқтисодиёт университети Суғурта иши кафедраси мудири Хўжаёр Шиннаев. - Йўлларда турли ижтимоий гуруҳдаги одамлар ҳаракатланади — баъзилар зарар суммасининг ортиқча қисмини ўз ҳисобидан тўлаб бера олади, лекин масалан, асосий иш фаолияти таксичилик бўлган ҳайдовчиларда бундай имконият йўқ. Шу нуқтаи назардан, суғурта суммасининг 80 миллион сўмгача ошганлиги, мол-мулкка етказилган зарар учун 28 миллион сўм этиб белгиланиши, ҳаёт ва соғлиққа етказилган зарар учун 52 миллион сўмга (65%) кўпайгани ижтимоий адолатни таъминланишига хизмат қиладиган омил ҳисобланади.

Мазкур ўзгаришлардан сўнг вилоятларда тузиладиган суғурта шартномалари бўйича суғурта мукофоти тўлови 160 минг сўм, Тошкент шаҳрида эса 192 минг сўмни ташкил этади.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/v0LiUNyVWSY" title="Sug‘urta tizimida inson manfaatlari himoyasi takomillashmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА