Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суғоришда тежамкор технологиялардан фойдаланиш ҳосилдорликни 10-20 центнергача оширади
19:24 / 2021-01-28

Матбуот анжумани иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олди.

Жиззах вилоятида сўнгги уч йилда ирригацияни ривожлантириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастурлари доирасида 66 километр канал, 76,2 километр лоток тармоқлари, 11 та гидротехник иншоотлар, 263 километр коллектор-дренаж тармоқлари ҳамда бошқа сув хўжалиги объектлари қурилган ёки реконструкция қилинди. Натижада 37,3 минг гектардан ортиқ ернинг сув таъминоти яхшиланиб, 124,5 минг гектардан ортиқ майдоннинг мелиоратив ҳолатини барқарор сақлашга эришилди.

Бу ҳақда Сирдарё – Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августда қабул қилинган “Сирдарё ва Жиззах вилоятларида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.

[gallery-949]

Республика оммавий ахборот воситаларининг вилоятдаги мухбирлари, маҳаллий журналистлар ва блогерлар иштирок этган матбуот анжуманида Жиззах вилояти сув хўжалиги соҳасида 2020 йилда амалга оширилган ишлар якунлари ва 2021 йил режалари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Анжуманда давлатимиз раҳбарининг қарори ижросини таъминлашда амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот бериш билан бирга соҳадаги муаммолар, уларнинг сабаблари, бартараф этишда амалга оширлаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Жумладан, бугунги кунда вилоят бўйича ҳамон 26,8 минг гектар суғориладиган ерларнинг сув таъминоти паст даражада бўлиб қолмоқда. Шунингдек, 48,3 минг гектар суғориладиган майдон ўртача ва кучли шўрланган.

Давлатимиз раҳбарининг юқорида келтирилган қарори асосида вилоят суғориш соҳасидаги муаммоларни ҳал этиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2020-2023 йиллар давомида Жиззах вилояти ирригация ва мелиорация соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун жами 782 миллиард 716 миллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Матбуот анжуманида бугунги кунгача вилоятдаги жами суғориладиган майдонларнинг атиги 2 фоизида томчилатиб суғориш технологияси жорий қилингани қайд этилди. 2020-2023 йилларда сув тежамкор технологияларни салкам 64 минг гектарга жорий этиш, бу билан жами суғориладиган ерларнинг 25 фоизини қамраб олиш режалаштирилган. Сув тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш ҳисобига ҳар йили ўртача 105 миллион куб метр сув иқтисод, у 26,4 минг гектар ерга экилган такрорий ва бошқа экинларни суғоришга сарфланади, Энг муҳими, экинлар ҳосилдорлиги ўртача 10-20 центнерга ортади.

Матбуот анжумани иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олди.

Т.БЕКНАЗАРОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА