Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суғориш тизимларига қуёш панеллари ўрнатилмоқда
10:19 / 2025-04-04

Бугунги кунда Фарғона вилоятида 130 минг гектардан ортиқ экин майдонларини суғориш ва ерларни мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун 168 та насос станция ва 2 303 та тик қудуқлари хизмат қилади.

– Сўнгги йилларда 150 та насос станцияларга 253 та энергия тежамкор замонавий турли қувватдаги электродвигателлар, 156 та насос агрегатлари ўрнатилди, –дейди вилоят ҳокими ўринбосари Алибек Турсунов. – 850 та тик қудуқларни масофадан бошқариш тизими жорий этилди. Бундан ташқари, электр энергия йўқотишларни камайтириш бўйича Фарғона тумани тажрибаси доирасида 180 та конденсатор, 37 та насос, 50 кВт қуёш панеллари ўрнатилди. Кўрилган чоралар натижасида йиллик белгиланган лимитга нисбатан 2024 йилнинг якунига қадар 9,8 миллион кВт соат электр энергия ёки 10 миллиард сўм давлат бюджети маблағлари иқтисод қилинди. Шунингдек, энергия тежаш эвазига сўнгги 3 йил давомида сув ресурсларидан фойдаланиш ҳажми ҳам қисқариб, ўртача 1 гектар экин майдони учун 12,7 фоизга ёки 1 193 метр кубга иқтисод қилишга эришилди. 1053 дона тик суғориш қудуқлари мазкур қудуқлардан фойдаланувчилар ҳисобига ўтказилиб, электр энергия тўловлари улар томонидан амалга оширилмоқда.

Эндиликда бу борадаги ишлар янада янги босқичга кўтарилади. Қувасой шаҳридаги “Blue Carbon” қўшма корхонасида қишлоқ хўжалиги соҳасида, хусусан, насос агрегатлари ва тик суғориш қудуқларини ишлатишда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш самарадорлиги масалаларига бағишланган кўргазмали семинарда шу ҳақида сўз юритилди. 

Дастлаб семинар иштирокчилари шу ердаги боғдорчилик фермер хўжалигида ўрнатилган қуёш панелининг ишлаш жараёни ва афзалликлари билан танишди. 50 кВт/соат қуёш панел станциясининг ҳозирги кундаги нархи 165 миллион сўм. Ҳисоб-китобга кўра, у 1,5 йилда ўзини оқлайди ҳамда 25 йил кафолатга эга. Бу эса фермерларнинг энергия харажатларини кескин камайиши ҳамда манфаатдорлигига хизмат қилади.

Кўргазмали семинарда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров сув – бебаҳо бойлик, инсон ҳаётининг асосий манбаи эканлигини, сўнгги йилларда сув ресурсларининг камайиб бораётганлиги боис ундан оқилона фойдаланиш долзарб муаммога айланганлиги ҳақида сўз юритди. Ҳукуматимиз томонидан сув ресурсларини тежаш ва самарали бошқаришга қаратилган ислоҳотлар ҳамда технологиялар жорий этишга муҳим эътибор қаратилаётганлиги қайд этилди. Вилоятда ҳам сув тежовчи суғориш тизимларини жорий этиш, ирригация каналларини модернизация қилиш ва насос станцияларини энергия тежамкор технологияларга алмаштириш босқичма-босқич давом этаётганлиги билдирилди. Бунда суғориш тизимларига энергия тежовчи технологияларини, хусусан, қуёш панелларини жорий этишда ўзига хос тажриба яратилаётганлиги ҳамда уни барча ҳудудларда оммалаштириш зарурлиги таъкидланиб, мазкур йўналишда амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгиланди.

Вилоятда сув ва энергия тежовчи технологияларни қўллаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги вазифалар бўйича маълумот берди.

Ўтган йилда иш бошлаган “Blue Carbon” қўшма корхонасида замонавий ва сифатли монокристалл қуёш панеллари ҳамда энергия тежамкор кўча ёритиш мосламалари чиқарилмоқда. Семинарда корхона фаолияти тақдимот қилиниб, насос агрегатлари ва тик суғориш қудуқларида электр энергия сарфини муқобил энергияга ўтказиш, яъни қуёш панелларидан фойдаланишни кенг йўлга қўйиш борасида таклифлар билдирилди.

М.Сулаймонов, ЎзА