French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суғориш мавсуми якунлари, келгусидаги режалар муҳокама этилди
12:07 / 2025-12-26

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида “Суғориш мавсуми якунлари, каналларни реконструкция қилиш, шўр ювишга ер тайёрлаш ва соҳага тежамкор технологияларни жорий этиш” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбир аввалида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Бахтиёр Юсупов 2025 йил давомида ҳудудларига етказиб берилган сув миқдори, жорий этилаётган тежамкор технологиялар, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, каналларни реконструкция қилиш борасида амалга оширилаётган тадбирлар бўйича ахборот берди.  

[gallery-26922]

Таъкидланганидек, 2025 йил ёзги суғориш мавсумида дарёларда сув оқими меъёрга нисбатан 85-90 фоиз атрофида бўлди. Жорий йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун республика бўйича жами 5 млрд куб метрдан ортиқ сув етказиб берилди. Ушбу сув ресурслари билан 53 минг гектарга экилган ғалла майдони, 80 минг гектар пахта майдони ва 180 минг гектар мева сабзавот ва бошқа экинлар суғорилди. Бундан ташқари, 145 минг гектар шўр ювиш ва нам сув бериш ишлари амалга оширилди, шундан 21 минг гектар такрорий экинлар учун сув берилди.

Сув ресурсларини тежаш ва ундан оқилона фойдаланишда сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари замон талабларига мослаб борилаётганлиги ҳамда сувни тежайдиган технологиялар жорий қилган фермер ва деҳқонлар фойда кўраётганлиги натижасида 2019-2025 йиллар давомида жами 290 минг 441 гектар майдон сув тежовчи технологиялар билан қамраб олинди, суғориладиган майдонларга нисбатан улуши 56 фоизга етказилди.

Жумладан, 24,1 минг гектарда томчилатиб, 7,3 минг гектарда ёмғирлатиб, 614 гектарда дискрет ва 37,2 минг гектарда бошқа турдаги суғориш технологиялари жорий қилинди ҳамда 221,2 минг гектар ер лазер ускунаси ёрдамида текисланди. Шу жумладан, 2025 йилнинг ўзида жами 75,2 минг гектар (режага нисбатан 171 фоиз) майдонда сув тежовчи технологиялар, жумладан, 2,9 минг гектарда томчилатиб суғориш, 1,9 минг гектарда ёмғирлатиб суғориш ҳамда 6,1 минг гектар майдон эгилувчан қувурлар орқали ва 2,1 минг гектар майдон эгатга плёнка тўшаб суғорилди ва 62,2 минг гектар майдонда лазерли текислаш ишлари амалга оширилди. Натижада айнан сув тежовчи технологиялар ҳисобидан 2025 йилда 360 миллион куб метр сув иқтисод қилишга эришилди. Шу сабабли кейинги йилларда суғориш тармоқларида сувнинг йўқотилишини камайтириш ва каналларнинг фойдали иш коэффициентини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Каналларнинг бетонлаштирилиши натижасида сув йўқотилишининг олди олиниб, экин майдонлари, томорқа ерларига кафолатли сув етказиб беришга эришилмоқда ва натижада аҳоли кайфияти, уларнинг турмуш тарзи ва қўшимча даромад олишига ижобий таъсир кўрсатмоқда. 2025 йилда бюджет маблағлари ҳисобидан 87,9 миллион сўм ажратилиб, 14 та лойиҳа доирасида 45,4 км (шундан, 42,1 км қисми бетонлаштирилди) канал, 7,2 км лоток ва 2 та насос агрегати, шунингдек, 4 та сув тўсувчи иншоот қурилди ва реконструкция қилинди.

Бундан ташқари, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида сув таъминоти оғир бўлган маҳаллалардаги аҳоли томорқаларини сув билан таъминлаш лойиҳалари учун бюджетдан 198,5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ушбу дастурга кўра, 89 та лойиҳа доирасида 857,2 км канал, 37  та суғориш қудуғи, 207  та насос агрегати ҳамда 85,5 км босимли қувурларни қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилди. Амалга оширилган ишлар натижасида 68 минг 270 та хонадонда истиқомат қиладиган аҳолининг 10,98 минг гектар томорқасида сув таъминоти яхшиланишига эришилди.

Келгуси йилда 14,4 минг гектар суғориладиган ер майдонда сув тежовчи технологиялар қўлланилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, 63 минг гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонларида лазерли текислаш ишлари амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан бюджетдан ажратиладиган 81 миллиард сўм маблағ ҳисобига 44 км канални бетонлаштириш тадбирлари амалга ошириш режалаштирилган.

Маълумки, Президентимиз раислигида 2024 йил 7 ноябрда ўтказилган видеоселекторда 2025 йил  сув хўжалигида “Насослар самарадорлигини ошириш йили” деб белгиланган эди. Шу муносабат билан, бу борада амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгиланди ва унга кўра, кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.  2025 йилда давлат насосларидан 20 донаси энергия тежавчи насосга алмаштирилди. Натижада ўртача 528,1 минг кВт/соат энергия иқтисод қилинди. Шунингдек, давлат насосларига жами 214 кВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилди ва 408 миллион кВт/соат энергия тежалишига эришилди.

Матбуот анжумани якунида журналистлар соҳа масъулларига олис овулларга сув етказиш, каналларни реконструкция қилиш, канналлар атрофида дарахт кўчатларини экиш, сув солиғи ва ҳисобни юритиш масалалари юзасидан берган саволларига атрофлича жавоб олишди.  

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари